Сенатор аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кескин ошганини маълум қилди

20:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Олий Мажлис Сенати Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирханова Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Махкамова номига сенатор сўрови йўллади.

Senat

Сўровда мамлакатда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот сўралган. Сенатор таъкидлашича, қонунлар ва чоралар қабул қилинганига қарамай, сўнгги йилларда бундай ҳолатлар кескин ошмоқда.

2025 йилнинг биринчи ярмида республика бўйича 48 303 та тазйиқ ва зўравонлик ҳолати қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 121 фоизга кўпдир. Энг кўп ҳолатлар Тошкент вилояти (9 414 та), Бухоро (5 612 та), Қашқадарё (5 268 та) ва Андижон (4 808 та) вилоятларида кузатилган. Шу даврда 930 нафар аёлга такрорий ҳимоя ордерлари берилган.

Сенатор қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан зўравонликка олиб келувчи сабабларни аниқлаш, профилактика ишларини кучайтириш, ваколатли органлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва маҳаллаларда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка мурувватсиз муҳит яратиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида асосли тушунтириш беришни талаб қилди.

Эслатиб ўтамиз, кеча ҳам сенатор Малика Қодирханова Миллий телерадиокомпания раиси Абдурашид Журабоевга жисмоний имконияти чекланган шахслар учун радиотармоқ объектларида хавфсиз ва қулай меҳнат муҳитини таъминлаш зарурлиги қайд этилган сенатор сўрови йўллаган эди.