12 август куни Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон етакчисини ва халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни билан табриклади. Томонлар икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликнинг барқарор ривожланаётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Жорий йил бошидан икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 60 фоизга ошди. 40 га яқин янги қўшма корхона ва кооперация лойиҳалари ишга туширилди. Ҳиндистон компаниялари билан истиқболли лойиҳалар портфели икки миллиард долларга етди. Ўзбекистонда Ҳиндистон университетларининг тўртта филиали фаолият юритмоқда.
Етакчилар фармацевтика, кимё саноати, рақамли иқтисодиёт, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва туризм соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар. “Шимол-Жануб” йўлаги доирасида транспорт ва транзит йўналишларини ривожлантириш ҳам муҳокама этилди.
Томонлар Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини Тошкентда ўтказиш, маданият ва кино кунларини ўзаро ташкил этиш ҳамда ҳудудлар ўртасида алмашинувларни фаоллаштиришга келишдилар. Шунингдек, минтақавий масалалар ва олий даражадаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, 9-август куни Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан ҳам телефон орқали мулоқот қилиб, Алиевни тинчлик декларацияси имзолангани билан табриклаган эди.