Олдинги сериядаги пуллар – 200, 500, 1 000, 5 000, 10 000, 50 000 ва 100 000 сўмлик пулларимизнинг ўлчамлари бир хил эди — 144×78 мм.
2021 йилнинг июнидан бошлаб Буюк ипак йўли мавзусида чоп этилган сўмнинг янги банкнотлари эса ўзининг замонавий ва чиройли дизайни билан ажралиб турибди.
Янги дизайндаги купюраларнинг баландлиги бир хил — 69 мм бўлса-да, номинал қиймати ошишига қараб уларнинг энига узунлиги 5 миллиметрга ошиб боради: 2 000 ва 5 000 сўмликнинг эни — 142 мм, 10 000, 20 000 ва 50 000 сўмликнинг эни — 147 мм, 100 000 ва 200 000 сўмликнинг эни 152 мм. Пулнинг ўлчами ихчамлашган, каттароқ номиналдаги суммаларнинг ўлчами узунроқ бўлгани ҳам бир қулайлик.
Пулларнинг ўлчами ихчамлашгани билан, барибир муомалада айрим ноқулайликлар ҳам бор. Гап ундаги тўртта-бешталаб нолларнинг ажратилмасдан ёзилганида.
Хусусан, 10 минг сўм ва 20 минг сўмлик банкноталарнинг ўлчами ва ранги ўхшашлиги. Бир боғлам (пачка) 20 минг сўмлик ичига 10 минг сўмлик солиб юборилса (масалан, қоронғида, мол бозорларида) санашда ажратиб бўлмайди. Энг сўнгги чиқарилган янги 200 минг сўмлик банкнота дизайнида ҳам яна улар каби кўк рангдан фойдаланган.
Иккинчи ноқулайлик, банкнотда қийматни ифодалашда нолларнинг кетма-кет ёзилиши: 100000, 200000 тарзида. Натижада 20 минг сўмлик ва 200 минг сўмликни ажратишда ноқулайлик вужудга келади. Боз устига, пулларимиз лотин алифбосида чиқарилмоқда. Аҳолимизнинг кирил алифбосида саводи чиққан ёши катта қисмида кичик шрифтда ёзилган пулнинг номиналини ўқиш ва ажратишда қийинчилик вужудга келади.
Ҳа, пулларимизнинг ноллари тобора кўпаймоқда. Бундан фожиа ясамаслик керак, бунақа пулларга эга ягона давлат эмасмиз. Қолаверса, 1994 йилнинг 1 июлида сўм муомалага киритилганидан буён деноминация қилингани йўқ. (Қайд этиш керакки, бизнинг миллий валютамиз деноминация қилиниши тўғрисидаги чиққан хабарлар Марказий банк томонидан бир неча бор рад этилган)
Бироқ, банкнотада мингни ифодаловчи нолларни ифодалашда бошқа давлатлар қандай йўл тутганига эътибор қаратиб, уларнинг тажрибасидан ҳам фойдаланиш лозим.
Нолларни ажратишнинг учта йўли бор:
1) 10000, 20000, 50000, 100000, 200000 минг сўмлик банкноталарда минглик саноқни билдирувчи учта нолни ажратиш: 10 000, 20 000, 50 000, 100 000, 200 000 тарзида (Ўзимизда 1993 йилда сўм-купон муомалага чиқарилганда 10 минг сўм-купонда шу усулдан фойдаланилган).

Айрим давлатларда турли даврларда муомалага чиқарилган йирик номиналдаги банкноталарда ҳам минглик саноқни билдирувчи учта нолдан аввал бироз бўшлиқ (пробел) қолдирилган:








2) Минглик саноқдаги нолларни вергул ё нуқта билан ажратиш: 10,000, 20,000, 50,000, 100,000 ва 200,000 ёки 10.000, 20.000, 50.000, 100.000 ва 200.000 тарзида.



3) Пулнинг мингликларни билдирувчи нолларини бошқа хирароқ рангда, кичикроқ шрифтда ёки МИНГ сўзи билан ифодалаб ёзиш. Бу миллий валютасини деноминацияга тайёрлаётган давлатларда кузатилади .



Миллий валютамизни эмиссия қилувчи Марказий банкимиз юқорида келтирилган мисолларга эътибор қаратиб, бу ноқулайликни бартараф этса яхши бўлар эди.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади. (Kun.uzʼдан олиниб, янгиланди).