Олий Мажлисда сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди ва учинчи ўқишда қабул қилинди. Лойиҳа бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган.
Қонунга кўра, «сунъий интеллект» тушунчаси, уни жорий этиш ва ривожлантиришга оид давлат сиёсатининг асослари, махсус ваколатли орган вазифалари ҳамда ахборот ресурслари ва тизимларида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий ҳуқуқий асослари белгиланди.
Ҳужжатда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига тааллуқли, юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллект хулосасига таяниш мумкин эмаслиги аниқ ёзиб қўйилди. Шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсий маълумотларга қонунга хилоф ишлов бериш ва уларни оммавий ахборот воситалари ёки интернет орқали тарқатиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Қонуннинг қабул қилиниши сунъий интеллектдан фойдаланишни ривожлантириш, бу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва ноқонуний тарқатиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, ҳужжат асосида келгусида сунъий интеллект соҳасига оид янги қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиши кутилмоқда.
Аввалроқ Microsoft сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсири ҳақидаги ҳисоботини тақдим этди. Унда келгусида тўлиқ автоматлаштирилиши мумкин бўлган 40 та касб аниқланган.
Рўйхатга таржимон, маркетолог, ёзувчи, муҳаррир, бухгалтер, алоқа маркази операторлари ва ҳатто моделлар – вазифалари матн, тил, маълумотлар ёки визуал контент билан боғлиқ бўлганларнинг барчаси киритилган. Бироқ массажчи, хонадон хизматкорлари, том ёпувчи ва шифокорлар каби жисмоний ва қўл меҳнатини талаб қиладиган касблар ҳозирча СИдан энг кам зарар кўрувчи бўлиб қолмоқда.
Microsoft компанияси катта илмий ходими Киран Томлинсоннинг айтишича, тадқиқотнинг мақсади одамларни қўрқитиш эмас. Унга кўра, сунъий интеллект (СИ) қаерда одамларга ёрдам бериши ва қаерда уларнинг ўрнини босиши мумкинлигини аниқлаш муҳим.
«Сунъий интеллект иш ўринларини йўқ қилиш учун эмас, балки ишни бажариш усулини ўзгартириши мумкин», — деди Томлинсон.
Шунга қарамай, Microsoft компанияси 2025 йилда айнан СИ билан боғлиқ сабабларга кўра 15 мингдан ортиқ ходимини ишдан бўшатган.