Тошкентнинг айрим кўчаларида тезлик чегараси 80 km/hʼгача оширилиши мумкин

21:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Пойтахт ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари Элмурод Алимов Тошкентнинг бешта асосий кўчасида транспорт воситалари учун максимал тезлик чегарасини 80 km/hʼгача ошириш таклифи берилганини маълум қилди.

Tezlik 80

12 август куни бўлиб ўтган халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элмурод Алимов пойтахт йўл ҳаракати тизимида бир қатор ўзгаришлар таклиф қилинганини маълум қилди.

Унинг айтишича, Бунёдкор, Себзор, Аҳмад Дониш, Тошкент ҳалқа йўли ва Янги Ўзбекистон кўчаларида максимал тезлик чегарасини 80 km/hʼга ошириш таклифи ҳокимликка киритилган. Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрелида шаҳарлардаги умумий тезлик чегараси 70 km/hʼдан 60 km/hʼга туширилган эди.

Бундан ташқари, 12 та кўчада бир томонлама ҳаракатланиш жорий этиш таклифи ҳам муҳокама қилинмоқда. Алимовнинг таъкидлашича, бу чоралар маҳаллий ва хорижий тажрибалар таҳлили асосида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, тирбандликни камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Йиғилишда пойтахтдаги светофорларнинг электр таъминотидаги узилишлар сабаб тез-тез ишламай қолиши масаласи ҳам кўтарилди. Алимов бу муаммога барҳам бериш учун 500 та марказий чорраҳадаги светофорларга UPS (узлуксиз қувват манбаи) ўрнатишни таклиф қилди. Бу ускуналар электр узилган тақдирда ҳам 5–6 соат давомида ишлай олади.

Депутатлар янги тезлик чегараси қачон кучга кириши ҳақида сўраганида, Алимов ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар қароридан сўнг расман эълон қилиниши ҳақида жавоб берган.