Бозорларга қасддан ўт қўйиладими? Бакиров сабабларни тахмин қилди
Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакировнинг таъкидлашича, бозорларда ёнғин чиқишига нафақат олов манбалари, балки тизимли муаммолар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Унинг таъкидлашича, мулк ҳуқуқининг етарлича ҳимоя қилинмаслиги, очиқ ва шаффоф ер бозорининг йўқлиги ҳамда қонун доирасидан ташқарида сақланиб қолган анъаналар ёнғин хавфини кучайтиради.
«Илгари ёмон ўтган замонда бозорлар камроқ ёнардими, билмайман, балки хабар камлигидан шундай ўйлаганмиз, балки аномал иссиқ бўлмаганидан, балки бозорни ёниб кетишидан кўчириб юбориб, ўрнини эгаллаш осонроқ бўлганидан, ким билади энди», — дея ёзган у.
Тошкентнинг янги халқаро аэропорти қаерда қурилиши маълум бўлди
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 11 август куни бўлиб ўтган «Ҳокимлик соати» йиғилишида янги халқаро аэропорт Ўрта Чирчиқ туманида жойлашиши мумкинлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, аэропорт 1 200 ҳектар ер майдонида қурилади. Шу билан бирга, Бекободдан Бўка, Пискент ва Нурафшон орқали пойтахтга олиб борадиган темирйўл қуриш ҳам режалаштирилган.
Ҳокимнинг таъкидлашича, агар аэропорт Ўрта Чирчиқда қурилса, лойиҳани амалга оширишда давлат қўшимча имкониятлар яратишга тайёр. Янги аэропорт қурилиши ҳақидаги илк маълумот 1 август куни Президент матбуот хизмати томонидан берилган эди.
«Дерматит»ми ёки «гўбалак»? — Самарқандда моллар ўлимига сабаб бўлаётган касаллик чорвадорларни хавотирга солмоқда
Самарқанд вилоятида чорва моллари орасида дерматит ёки «гўбалак» деб аталадиган тери касаллиги тарқалгани ҳақида маҳаллий чорвадорлар ва ветеринарлар хабар бермоқда. Уларга кўра, касаллик айрим ҳолларда молларнинг нобуд бўлишига олиб келмоқда ва даволаш харажатлари катта маблағ талаб қилмоқда. Айрим чорвадорлар касал молларини арзон нархга колбаса сехга топширишга мажбур бўлган. Ветеринарлар бу хасталик асосан ҳашаротлар орқали юқишини ва олдини олиш учун эмлаш тадбирлари олиб борилаётганини айтишди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси матбуот котиби Анвар Суюнов эса бу хавотирларни «асоссиз» деб баҳолаб, воқеани айрим чорва жаллоблари ва «ноинсоф ветврачлар»нинг мол нархини тушириш учун тузган «ўйини» сифатида талқин қилди. Унинг сўзларига кўра, айрим ҳолларда дерматит деб тахмин қилинган касаллик аслида енгил шаклдаги «гўбалак» бўлиб, арзон дори билан даволанади. Шу йўл билан моллар арзонга сотиб олиниб, кейин қимматга қайта сотилаётгани айтилди.
Ўзбекистон талабалари Россиянинг хавфли ҳудудига юборилаётгани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, Тошкент давлат тиббиёт университети (олдинги Тошкент тиббиёт академияси)нинг бир гуруҳ талабалари Россия Федерациясининг Нижний Новгород шаҳридаги олий таълим муассасаларига ўқишга юборилмоқда. Мазкур шаҳарда ҳарбий ҳолат эълон қилинган бўлиб, у сўнгги кунларда Украина ҳужумларига учраган ҳудуд сифатида қайд этилган.
Маълумотларга кўра, 11 август куни Нижний Новгород вилоятида жойлашган саноат зонасига Украина томонидан зарба берилган. Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна икки нафар фуқаро шифохонага ётқизилгани расмий маълумотларда қайд этилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда олдинги ректор ўқишни Қозоғистонга кўчиришни ваъда қилгани, аммо янги ректор Шуҳрат Баймурадов бу қарорни амалга оширишдан бош тортгани айтилади.
Аҳолига субсидия ўрнига фоизсиз қарз берилади
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, уларнинг ўрнини фоизсиз қарзлар — ссудалар эгаллайди. Бу ўзгариш маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш ҳамда уларнинг белгиланган муддатда қайтарилишини таъминлаш учун жорий этилмоқда. Шу йўл билан давлат маблағларидан фойдаланишда масъулият ошиши кутилмоқда.
Жорий йилда 6 турдаги субсидия айнан фоизсиз ссуда шаклида берилади. Маблағлар фақат белгиланган мақсад учун йўналтирилади ва шартнома асосида белгиланган вақтда қайтарилади.