Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 11 август куни бўлиб ўтган «Ҳокимлик соати» йиғилишида янги халқаро аэропорт Ўрта Чирчиқ туманида жойлашиши мумкинлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, аэропорт 1 200 ҳектар ер майдонида қурилади. Шу билан бирга, Бекободдан Бўка, Пискент ва Нурафшон орқали пойтахтга олиб борадиган темирйўл қуриш ҳам режалаштирилган.
Ҳокимнинг таъкидлашича, агар аэропорт Ўрта Чирчиқда қурилса, лойиҳани амалга оширишда давлат қўшимча имкониятлар яратишга тайёр. Янги аэропорт қурилиши ҳақидаги илк маълумот 1 август куни Президент матбуот хизмати томонидан берилган эди.
Режага кўра, 2030 йилга келиб Тошкент шаҳрида авиайўловчилар оқими 15 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Ҳозирги аэропорт бу ҳажмдаги йўловчиларни қабул қилиш имкониятига эга эмас, дейилмоқда. Ҳолбуки яқин-яқингача Тошкентда янги аэропорт қуришга зарурият йўқлиги, терминалларни кенгайтириш эвазига мавжуд имкониятлардан фойдаланиб туриш ҳақида гапирилган, шу мақсадда ҳаттоки Тошкент аэропортига олиб ўтувчи йўл ўтказгич кўприк 511 миллиард сўмга таъмирланган эди.
Энди эса шаҳар ичида жойлашгани сабабли мавжуд аэропортни кенгайтириш имкони йўқлиги, шунинг учун йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсата олувчи янги халқаро аэропортни вилоят ҳудудида қуриш режалаштирилгани ҳақида гапирилмоқда. Ҳозир давлат-хусусий шериклик доирасида хорижий компаниялар таклифлари кўриб чиқилмоқда.
Аввалроқ, Тошкентда қуриладиган янги аэропорт қандай бўлиши ҳақида хабар берган эдик.