Янги ўқув йилида 738 мингга яқин бола 1-синфга боради

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2025-2026 ўқув йилида 6,7 миллион ўқувчи мактабга боради. Шулардан 738 минги илк бор 1-синфга қадам қўйиши кутилмоқда.

1 sinf o'quvchisi

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатимиздаги 10 170 дан зиёд умумтаълим мактабларида янги 2025-2026 ўқув йилида 6,7 миллион ўқувчи дарс бошлаши режалаштирилган. Улар орасида 738 мингга яқин бола биринчи марта мактаб остонасини босиб ўтади. Ҳозирга қадар 590 мингдан зиёд 1-синфга ўқувчи қабул қилинган бўлиб, қабул жараёнлари 15 августга қадар давом этади.

Солиштириш учун, ўтган 2024-2025 ўқув йилида 10 182 та мактабда 719 мингдан ортиқ бола мактабга чиқиши режалаштирилган, аммо амалда 700 мингга яқин ўғил-қизлар 1-синфга қабул қилинган эди.

Янги ўқув йилида республика бўйлаб 30 дан ортиқ янги мактаб фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, ижтимоий ва ишлаб чиқариш дастурлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан 379 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар натижасида 112 мингга яқин янги ўқувчи ўрни яратилади, 73 мингдан зиёд ўринли бинолар эса мукаммал таъмирланади.

Маълумотларга кўра, 1-синф ўқувчилари учун Президент совғаси сифатида 12 номдаги ўқув жиҳозлари тайёрланган. Улар орасида ўқув сумкаси, 12 та дафтар, ручка, икки оддий қалам, рангли қаламлар ва қоғоз, пластилин, расм дафтари, икки ўчиргич, акварел бўёқлар, ёпишқоқ ҳамда қаламдон мавжуд.

Вазирлик ҳузуридаги «Таълим-таъминот ва логистика» хизмати мазкур жиҳозларни мактабларга етказиш жараёнини бошлаган. 1–10 август кунлари улар ҳудудларга, 10–20 август кунлари эса мактабларга тарқатилади.