Ярим йилда қарийб 1 миллион киши кредит тарихини текширди

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида 957 мингдан ортиқ ўзбекистонлик кредит тарихини текшириш хизматидан фойдалангани қайд этилди.

Kredit tarixi

Кредит-информация ва таҳлил маркази маълумотларига кўра, 2025 йил январ-июн ойларида 957 402 нафар фуқаро кредит ҳисоботини олиш учун мурожаат қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридаги 400 950 та мурожаатга нисбатан деярли 2,4 баробарга кўпдир.

Мурожаатларнинг асосий қисмини жисмоний шахслар ташкил этди. Энг фаол гуруҳ 26–35 ёшдаги фуқаролар бўлиб, улар умумий сонинг 41 фоизини (388 456 киши) ташкил қилди. Кейинги ўринларда:
36–45 ёшдаги гуруҳ — 23 фоиз (222 247 киши),
16–25 ёшдагилар — 22 фоиз (205 009 киши),
46–55 ёшдагилар — 9 фоиз (88 093 киши)
56 ёшдан катталар — 5 фоиз (44 940 киши) қайд этилди.

Текширувлар сонига кўра, фуқароларнинг 63 фоизи кредит тарихини бир марта текширган, 23 фоизи — икки марта, 6 фоизи — уч марта, 2 фоизи — тўрт марта ва яна 6 фоизи беш ва ундан ортиқ марта мурожаат қилган. Барча мурожаатчиларнинг 69 фоизи эркаклар, 31 фоизи аёллардир.

Натижаларига кўра, фақат 5 фоиз мижозлар «аъло» даражадаги кредит тарихига эга, 28 фоизида — «яхши», 55 фоизида — «ўртача» ва тахминан 1 фоизида «ёмон» баҳоси қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган — 19,4 фоиз. Тошкент вилояти 11,9 фоиз билан иккинчи ўринда, Самарқанд вилояти эса 8,3 фоиз билан учинчи ўринни эгаллаган.