Андижон аэропорти халқаро рейсларни қабул қила бошлади

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Кенг кўламли реконструкциядан сўнг Андижон аэропорти илк халқаро рейсини амалга ошириб, Жиддага мунтазам парвозларни йўлга қўйган.

Andijon aeroport

12 август куни Андижон аэропорти кенг кўламли реконструкциядан кейин илк халқаро рейсини амалга оширди. Биринчи парвоз Flyone Asia маҳаллий авиакомпаниясининг Андижон — Жидда — Андижон йўналишида бўлиб, ҳафтасига икки марта — сешанба ва пайшанба кунлари қатнайди.

Uzbekistan Airports маълумотига кўра, илк рейсда 151 йўловчи Жиддага йўл олди. Компания вакиллари бу йўналиш зиёрат, сайёҳлик ва хизмат сафарлари имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Ҳозирда Андижондан Тошкентга ҳам мунтазам рейслар амалга оширилмоқда. Silk Avia душанба ва пайшанба кунлари, Uzbekistan Airways эса чоршанба ва шанба кунлари парвоз қилади.

Аэропорт 2023 йил апрелда ёпилиб, 2025 йил март ойида реконструкциянинг биринчи босқичи якунланди. Янги учиш-қўниш йўлаги 3 300 метр узунликка ва 60 метр кенгликка эга бўлиб, Boeing ва Airbus турдаги йирик самолётларни ҳам ноқулай об-ҳавода ва тунги вақтда қабул қила олади. Шу билан бирга, замонавий ёритиш, дренаж ва метеорология тизимлари ўрнатилди.

Иккинчи босқичда йўловчи терминали янгидан қурилиб, хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 тадан 1 000 йўловчигача оширилади. Парвозлар сони эса йилига 584 тадан 3 700 тага етказилиши режалаштирилган. Бу Фарғона водийси учун ҳаво қатновларини сезиларли оширади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилда Тошкент, Бухоро ва Урганчда янги аэропортлар қурилиши бошланади.