«Мактаб бозори-2025»: бир боланинг харажати қанчага тушади?

19:20 | 8 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда август ота-оналар учун энг харажатли ойлардан бири. Чунки янги ўқув йили олдидан кийим-кечак ва зарур ўқув қуроллари хариди бошланади. Vaqt.uz мухбири мактаб расталарини кезиб, нархлар билан танишди.

Maktab 06

Айни пайтда ҳар бир мактаб ёшидаги фарзанди бор ҳар бир ота-онанинг олдида болани мактабга тайёрлаш учун қанча пул зарур бўлади, деган савол кўндаланг. Кўпчиликни қийнаётган саволларга жавоб топиш Vaqt.uz мухбири Чорсу бозорининг мактаб расталарини айланиб, энг харидоргир ва нисбатан арзон деб айтилган савдо нуқталаридаги нархларни ўрганди.

Бозордаги нарх-наволaр билан танишиш мобайнида, бозор ичкари ва ташқариси, ҳатто бир-бирига яқин бўлган расталарда ҳам сифат, маҳсулот тури бир хил бўлишига қарамай, нархларда сезиларли фарқ борлиги пайқаш мумкин.

Maktab 01
Чорсу бозори. Фото: Vaqt.uz

Асосан, бошланғич синф ўқувчиси учун бутун ўқув йили давомида керак бўладиган энг асосий буюмлар, кийим-кечаклар рўйхатини тузиб, шу асносида нархлар билан танишдик. (Рўйхатда ҳамма товарларнинг энг арзон нархлари берилган)

Maktab 02
Чорсу бозори. Фото: Vaqt.uz

Ўқув қуроллари учун:

12 варақли катак дафтар (10 дона) — 5 минг сўм;

12 варақли чизиқли дафтар (10 дона) — 5 минг сўм;

48 варақли дафтар (5 дона) — 10 минг сўм;

Китоб учун муқова (синф тўплами) — 15 минг сўм;

Дафтар учун муқова (12 талик тўплам) — 12 минг сўм;

Қалам (3 дона) — 3 минг сўм;

Ручка (10 дона) — 10 минг сўм;

Ўчирғич — 3 минг сўм;

Чизғичлар тўплами — 10 минг сўм;

Циркул — 10 минг сўм;

Қалам очгич — 3 минг сўм;

Рангли қаламлар тўплам — 6 минг сўм;

Акварел ва мўйқалам — 13 минг сўм

Фломастерлар тўплами — 10 минг сўм;

Пластилин (10 хил ранг) — 7 минг сўм;

Катта пенал — 5 минг сўм;

Расм учун албом — 5 минг сўм;

Рангли қоғоз — 5 минг сўм;

Мактаб кундалиги — 8 минг сўм;

Мактаб сумкаси — 8 минг сўм;

Жами: 225 минг сўм.

 

Maktab 03
Чорсу бозори. Фото: Vaqt.uz

Мактаб либослари нархлари:

Ўғил болалар учун кийимлар:

Қиз болалар учун кийимлар

Ўғил бола кўйлаги — 70 минг сўм Кофта —70 минг сўм
Шим — 100 минг сўм Юбка — 60 минг сўм
Оёқ кийими — 130 минг сўм Оёқ кийими — 160 минг сўм
Галстук — 20 минг сўм Соч учун бантик — 15 минг сўм
Жилет — 45 минг сўм
ЖАМИ: 365 минг сўм ЖАМИ: 305 минг сўм
Maktab 04
Чорсу бозори. Фото: Vaqt.uz

Умумий ҳисобда, энг минимал нархлар билан ота-она ўғил бола фарзанд учун 590 минг, қиз бола фарзанд учун 530 минг сарфлаши мумкинлиги маълум бўлди.

Нархларни билиш давомида бир аёлнинг икки қизи учун ўқув қуроллари олиб, сотувчи билан роса баҳслашаётгани ва қизларига фақат энг керакли нарсаларнигина ол деб қайта-қайта такрорлаётгани эътиборимизни тортди.

Maktab 05
Чорсу бозори. Фото: Vaqt.uz

Аёл харидини якунлагач, мактаб бозоридаги нархлар ҳақидаги фикри билан қизиқиб, уни саволга тутдик.

«Ўзим ногиронман. Иккита болага бозорлик қилиш қийин. Ҳатто қўшниларимиз юбка берди, ҳозир бироз пулим борлиги учун юр, олиб бера қоламан дедим. Жуда қийин. Кийимини олмадик, фақат шуни олдик мажбур. Ўқув қуроллари керак нарса. Эски-туски кийса ҳам бўлади. Ўқув қуролларини олдик фақат. Мен бозорни айланиб келдим. Нариги ёқлардан арзонроқ бўлгани учун буёғдан олдим. Масалан, нариги ёқда битта 48 саҳифалик дафтарли 3500 сўм дейишяпти. Намунча дедим, бутикда ҳам бунча қимматмаску дедим», — деди аёл.

Сотувчилар ота-оналар мактаб бозори учун харидни кечиктирмаслиги кераклигини таъкидлади. Уларнинг айтишича, сентябр ойи яқинлашган сайин нархлар кўтарилиб бораверади.

Меҳриноз Фармонова тайёрлади.