Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2025 йилнинг июл ойида машина бозорида савдолар кескин даражада ошгани маълум қилди. Унга кўра, 116 минг 800 дан ортиқ машина сотилган бўлиб, бу ўтган ойга нисбатан 27 фоизга кўп. Солиштириш учун: Бу 2024 йил январидаги энг юқори кўрсаткич (144 минг 500 дона)дан сўнг иккинчи рекорд натижа.

Енгил автомобил бозорида ҳолат қандай?
Июл ойида енгил автомобиллар бозори жонланди — савдо ҳажми ўтган ойга нисбатан 25 фоиз ошиб, қарийб 100 минг донага етди. Бу эса истеъмолчилар фаоллиги қайта тикланганини ва талабнинг ҳудудлар бўйича кенг тарқалганини англатади.
Энг катта ўсиш Тошкентда (51 фоиз), Наманганда (49 фоиз) ва Хоразмда (40 фоиз) қайд этилди.
Июн ойида савдо фақат 3 фоизга кўпайганини инобатга олсак, июлдаги ўсиш суръати анча юқори бўлди.
Бирламчи автомобиллар бозорида нима гап?
Янги енгил машиналар бозорида ҳам фаоллик сезиларли даражада тезлашди — бозор ҳажми 38 фоиздан ошиб, 38,5 мингга яқин машина сотилди. Энг катта улушни маҳаллий автомобиллар эгаллади.

Маълумот учун, дастлабки ярим йилликда Ўзбекистонда энг кўп «Cobalt» (73 минг 102 дона) ишлаб чиқарилган. Ундан кейин «Damas» — 45 минг 992 дона ва «Tracker» — 22 минг 847 дона тайёрланган.
Иккиламчи бозор жонланди
Июл ойида иккиламчи енгил автомобиллар сегменти кутилмаган даражада фаоллашди. Савдо ҳажми 61,5 минг донага етиб, июнга нисбатан 18 фоиз ошди.
Солиштириш учун, июн ойида майга қараганда 0,4 фоиз пасайиш кузатилган эди.

Электромобиллар сотуви ҳам рекордга чиқди
Май ойида енгил электромобиллар савдоси 1,7 фоизга пасайган, бироқ июлда аввалги ойларга нисбатан 28 фоиздан ошди. Аниқроғи, жорий йил ҳисобида рекорд даражада 6,5 минг дона электромобил сотилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дастлабки ярим йилликда жами 446 мингта янги автомобил сотилгани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ бу кўрсаткич ўтган йилга қараганда 23 фоизга кам бўлган.
Сотувчилар нима дейди?
Vaqt.uz журналисти реал ҳолатни аниқлаштириш мақсадида Сергелидаги автомобил бозорига борди. У ерда 30 дан ортиқ сотувчи билан мулоқот давомида турли фикрлар билдирилди.
Сотувчиларнинг, аксарияти, бозорда фаоллик ортгани тасдиқлашди. Бироқ бу нақдга эмас, балки автокредит ҳисобига эканлигини айтишмоқда. «Келаётган одамларнинг 70-80 фоизи банк орқали автокредит қилиб машина оляпти», — дейди сотувчи. Бошқалар ҳам буни маъқуллашмоқда.
Бундан ташқари, бозорда асосан Gentra ва Cobalt олувчилар сони сезиларли ортган. Шу билан бирга, 2 ойда Cobalt нархи ўртача 300-400 доллар атрофида, Gentra нархи эса 500 долларга ошганлигини айтишди. Сентябр ойига келиб, айни пайтда ишлаб чиқаришдан олинган Chevrolet Gentra нархлари 18 минг долларга чиқиши кутиляпти. Бунга сабаб унинг сони камайиб, одамларда талаб ортгани.
Электромобилга ҳам талаб юқори
«Нисбатан олувчилар сони кўпайган. Одамлар секин-секин электромобилларга ўрганишяпти. Нархларга келсак, BYD ва шунақа бошқа электромобиллар нархи 1000-3000 долларгача кўтарилган», — дейди электромобил сотувчиси.
Бунга сабаб нима?
Бозорда фаоллик нега бирдан ошгани ҳақида сотувчиларнинг фикрларни сўрадик. Уларнинг таъкидлашича, бунга четдан кирадиган машиналарга чеклов қўйилгани, доллар курсининг тушиши, арзимаган пул билан тўлаб юбориш мақсадида автокредит олувчилар ҳажми ортгани билан боғлашмоқда.
Бундан ташқари, муддатли тўловга харид қилмоқчи бўлганлар сони ҳам кескин ортган. Эътиборлиси, машина харид қилувчилар сони ортгани билан уни охиргача тўлай оладиганлар кўпчиликни ташкил қилмаяпти.
«Одамлар телефоннинг пулига машина оламан деб минусга кириб кетишяпти. Кўпчилик дарров тўлаб юбораман, ўзи ой-ой арзимас пулга тушар экан деб олади, лекин тўлолмасдан 700-800 долларгача минусга кириб кетяпти», — дейди сотувчилардан бири.
Хулоса қилганда, бозорда фаоллик сезиларли даражада ошган. Бунинг асосий сабаби автокредитлар, монополия ва доллар курсидаги тушишлар эканлиги маълум бўлди.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.