«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жиноятчиларга қарши курашиш мақсадида ушбу хорижий мессенжерлар орқали амалга ошириладиган қўнғироқларни қисман чеклаш чоралари кўрилмоқда. Уларнинг бошқа функцияларига ҳеч қандай чеклов жорий этилмайди», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳуқуқ-тартибот органлари ва фуқароларнинг кўплаб мурожаатларидан маълум бўлишича, Telegram ва WhatsApp чет эл мессенжерлари Россия фуқароларини алдаш ва улардан пул ундириш, шунингдек, уларни қўпорувчилик ҳамда террорчилик фаолиятига жалб этиш учун қўлланиладиган асосий овозли хизматларга айланиб қолган.
РКН қўшимча қилишича, «Мессенжер эгалари томонидан қарши чоралар кўриш тўғрисида бир неча бор юборилган талаблар эътиборсиз қолдирилди», — дейилади расмий ахборотда.
Роскомнадзор, шунингдек, 2024 йилдан бошлаб Россияда «Антифрод» тизими ишга тушганини эслатди. Бу тизим Россия алоқа операторларининг анъанавий телефон тармоқларида рақамни ўзгартириш орқали қилинган қўнғироқларни блокировка қилишни таъминлайди.
«Натижада, бундай қўнғироқларнинг деярли барчаси россиялик фойдаланувчилар ва жамият хавфсизлигини таъминлашни рад этаётган хорижий мессенжерлар орқали амалга оширилмоқда», — дея таъкидланди хабарда.
«Роскомсвобода» ҳаммуассиси Саркис Дарбиняннинг айтишича, хорижий мессенжерлардан фойдаланиш вақт ўтиши билан умуман имконсиз бўлиши мумкин. Давлат ҳозирда фаол тарғиб қилаётган MAX платформасини асосий алоқа воситаси сифатида кўрмоқда. Шу билан бирга, Россия «оқ рўйхат» тизимини жорий этишда Эрон ва Туркманистон тажрибасини такрорламоқда: ўз ресурсларига рухсат, иқтисод учун муҳим бўлган айрим хорижий хизматларга чекланган кириш, қолганини эса тўсиш.
2024 йилда Россия интернет эркинлиги бўйича жаҳон рейтингида охиридан тўртинчи ўринни эгаллаган, ундан ёмони фақат Эрон, Хитой ва Мянмада қайд этилган.