Starlink Қозоғистонда расман ишга тушди

12:45 | 3 дақиқада ўқилади.

13 августдан Қозоғистон аҳолиси SpaceXнинг Starlink сунъий йўлдош тармоғи орқали юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиши мумкин бўлди.

Starlink

Қозоғистонда 13 августдан Starlink сунъий йўлдош интернети расман ишга тушди. Бу ҳақда компания ижтимоий тармоқ орқали маълум қилди, шунингдек, Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ҳам тасдиқлади.

Вазирлик хабарига кўра, Starlink Қозоғистон Республикаси ҳудудида паст орбитали сунъий йўлдошлар тармоғи орқали юқори тезликдаги ва ишончли интернет хизматларини тақдим этади. Бу имконият мамлакат аҳолисига, жумладан, чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларда ҳам барқарор интернет уланишини таъминлайди.

Starlink хизматларини кўрсатиш бўйича келишув 12 июн куни имзоланган. Унга мувофиқ, компания Қозоғистон қонунчилиги талабларига риоя этиш мажбуриятини олган.

Starlink — Илон Маск асос солган SpaceX компаниясининг таркибидаги интернет лойиҳаси бўлиб, у бутун дунё бўйлаб сунъий йўлдош орқали тезкор ва барқарор уланишни таъминлашга мўлжалланган. Технологиянинг асосий устунлиги шундаки, у анъанавий инфратузилмага эга бўлмаган ёки чекка ҳудудларда ҳам юқори сифатли интернетни тақдим эта олади.

Қозоғистон расмийларига кўра, лойиҳа мамлакатда рақамли хизматлар қамровини кенгайтириш ва интернет сифатини оширишда муҳим қадам ҳисобланади.

Аввалроқ, SpaceXнинг 2025 йилда 15,5 млрд доллар даромад олгани ҳақида хабар берган эдик.