Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида ўқишни кўчириш учун аризаларни қабул қилиш жараёни 15 июлдан бошланиб, 5 августга қадар давом этган эди. 18–19 август кунлари эса хорижий давлатлардаги, шунингдек, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан республика давлат олийгоҳларига ўқишни кўчириш бўйича тест синовлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълум қилди.
Тестлар икки сменада ташкил этилади: биринчи смена 08:00 дан 11:00 гача, иккинчиси эса 15:00 дан 18:00 гача. Синовлар икки мутахассислик ва уч мажбурий фан бўйича ўтказилиб, талабгорларга жами 90 та савол берилади — мутахассислик фанларидан 30 тадан, мажбурий фанлардан эса 10 тадан. Ишлаш ва жавоблар варақасига кўчириш учун 3 соат вақт ажратилади.
Талабгорлар тестда иштирок этиш учун рухсатномани my.uzbmb.uz сайтидан олишлари керак. Бинога рухсатномада кўрсатилган вақтдан кечикмасдан, паспорт ёки ID карта ҳамда рухсатнома билан келиш талаб этилади.
Агентлик тестлар тартибини аниқ белгилаганини ва барча иштирокчилардан белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилиш талаб этилишини қўшимча қилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг буйруғига мувофиқ, 2025/2026 ўқув йили учун ўтиш баллари тасдиқланган. Бу талабаларнинг давлат олий таълим муассасаларига кўчиш жараёнида асосий мезон ҳисобланади.