Тўқимачиликда «долзарб юз кунлик» эълон қилинади — Президент

13.08.2025 14:30 | 9 дақиқада ўқилади.

Тўқимачилик корхоналарининг кредитидан 2,2 млрд доллар қарздорлиги бор. Кредитларнинг 90-95 фоизи хорижий валютада. «Бундай шароитда корхоналар ташқи бозорда қандай рақобат қилади, кредитини қандай қайтаради?» — дея савол қўйди Президент.

Mirziyoyev

Сўнгги беш йилда соҳада 3,5 млрд долларлик 396 йирик корхона ишга туширилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 10 млрд долларга етди. Тармоқда 500 мингдан ортиқ киши банд, бу саноатда банд аҳолининг 20 фоизини ташкил этади.

Бироқ сўнгги вақтларда ишлаб чиқариш ва экспорт ўсиши секинлашгани, жаҳон бозорида пахта нархининг 2022 йилдан бери тоннасига 3 минг доллардан 1,5 минг долларга тушиши кластерлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

 

Тўқимачилик корхоналарининг тижорат кредитларидан 2,2 млрд доллар қарзи бор

Президентимиз айрим «уддабуронлар» арзон давлат ресурслари ҳисобидан пахта «спекуляцияси» билан шуғулланаётганини танқид қилди. Шу билан бирга, тўқимачилик корхоналари тижорат кредитларидан 2,2 млрд доллар қарздор экани, кредитларнинг 90-95 фоизи хорижий валютада экани қайд этилди. Атиги 16 фоиз корхона халқаро сертификатга эга.

«Бундай шароитда корхоналар ташқи бозорда қандай рақобат қилади, кредитини қандай қайтаради?» — дея савол қўйди Президент.

Ҳар бир вилоятда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар борлигига қарамай, брендлар билан ҳамкорлик ва замонавий стандартларга ўтиш сустлиги таъкидланди. Айрим вилоятларда толани қайта ишлаш қувватлари хомашёга нисбатан 2-2,5 баробар кўп эканига қарамай, ип-калава лойиҳалари таклиф этилаётгани танқид қилинди.

 

Тадбиркорлар кредитининг 377 миллиард сўмлик пеняси тўлиқ бекор қилинади

Президент топшириғига асосан тўқимачиликда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ тадбиркорларнинг фикрлари ўрганилди.

«Уларни қийнаётган масалалар билан тўлиқ танишдим. Ҳозир ечимларини айтаман. Бугундан тўқимачиликда «долзарб юз кунлик» эълон қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввало, аҳволи ёмонлашган айрим корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва таннархни камайтириш чоралари белгилаб олинди.

Жорий йилда кластерларнинг кредит қарздорлигини гаров қўйиш шарти билан 5 йилгача узайтиришга рухсат берилди. Бунда гаров қўйган кластерлар фақат асосий қарзни тўлайди, фоизлар эса қарз тўлиқ қопланганидан кейин ундирилади. Бу орқали йилига 800 миллиард сўм айланма маблағ кластерлар ихтиёрида қолиши кутилмоқда.

Агар кластерлар қарз ва фоизни ўз вақтида тўласа, фоизнинг Жамғарма ҳиссасига тўғри келадиган ярми тадбиркорга қайтарилади. Шунингдек, 2022–2023 йиллар ҳосили учун берилган кредитлар бўйича 1 август ҳолатидаги 377 миллиард сўмлик пеня тўлиқ бекор қилинади.

 

Пахтани ўз вақтида ва йўқотишсиз йиғиб олиш учун фермерларга субсидия ажратилади

Тижорат кредитлари бўйича 2,2 млрд доллар мажбурияти мавжуд 144 та тўқимачилик корхонасини молиявий соғломлаштириш чоралари ишлаб чиқилади. Фаолиятини барқарорлаштириш имкони бор корхоналарнинг кредит муддати 7 йилгача узайтирилади.

Пахтани ўз вақтида ва йўқотишсиз йиғиб олиш учун фермерларга тоннасига 1 млн сўмдан субсидия ажратилади. Агар корхоналар пахтани ўз маблағи ҳисобидан етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг 10 фоизи қоплаб берилади.

Шунингдек, тўқимачилик занжиридаги барча корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Бу борада ижтимоий реестр талаби бекор қилиниб, маҳсулот реализациясида тўқимачилик улушига қўйилган талаб 90 фоиздан 70 фоизга туширилади.

 

Толани қайта ишлашни йўлга қўймаган кластерларнинг мақоми бекор қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев ўз ходимлари фарзандлари учун боғча ташкил қилган корхоналарга хусусий боғчалардаги каби ҳар бир тарбияланувчи учун субсидия ажратилишини маълум қилди. Соҳада электр таъминоти масаласи долзарб экани боис корхоналарга ўрнатилган қуёш панелларини тармоққа улашга рухсат берилади. Бу мақсад учун 200 млн доллар кредит йўналтирилиб, ставканинг 10 фоизгача қисми қоплаб берилади.

Президент корхоналарга берилган имтиёзлардан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Ҳозирда 15 та кластерда толани қайта ишлаш қуввати йўқ, яна 12 тасининг қуввати етарли эмас. Улар хомашёси кам ип-йигирув корхоналари билан кооперация тизимини йўлга қўйиши шарт.

Шу билан бирга, белгиланган тартибда толани қайта ишлашни йўлга қўймаган кластерларнинг мақоми кейинги йилдан бекор қилинади ва уларга пахта ҳосили учун имтиёзли кредит берилмайди.

Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил қилинади

Жаҳонда савдо қоидаларининг тез ўзгариши ёки логистикадаги узилишлар тўхтамаётгани шароитида тўқимачилик тармоғини ривожлантиришга алоҳида ёндашувлар зарурлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Президентимиз Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил қилинишини эълон қилди. Агентлик тўқимачилик, чарм ва ипак саноатига масъул бўлади. Агентликка инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Нозимжон Холмуродов раҳбарлик қилади.

Агентлик қошида тажрибали тадбиркорлардан иборат кенгаш ташкил қилинади. Агентликнинг алоҳида жамғармаси бўлади, давлат кўмаги, шунингдек тўқимачилик корхоналарига арзон айланма маблағ шу жамғарма орқали берилади. Жамғармага 200 миллион доллар ажратилади.