Тошкент шаҳрида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини навбатдаги ошириш режалаштирилмоқда, деб ёзмоқда Gazeta.uz. Бу ҳақда 12 август куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида Veolia Energy Tashkent бош директори Севара Пардаева маълум қилди. Унинг айтишича, пойтахт аҳолиси ҳозирги кунда хизматлар қийматининг атиги 18 фоизини тўлаб, қолган қисмини шаҳар бюджети субсидия шаклида қоплаб бермоқда.
Ҳукумат 2030 йилга қадар субсидияларни босқичма-босқич бекор қилишни режалаштирган. Шу боис 2025 йил 1 октябрдан аҳоли учун тарифларни 15 фоизга, юридик шахслар учун 40 фоизга, бюджет ташкилотлари учун эса 19 фоизга ошириш таклиф этилмоқда. Янгиланган нархларга кўра, кўп қаватли уйларда яшовчилар учун чакана тариф ҚҚСсиз 121,6 минг сўмдан 139 минг сўм/Гкалга кўтарилиши мумкин.
Пардаеванинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда давлат корхоналари ва хусусий юридик шахслар ўртасидаги тариф тафовути катта. Масалан, бир гигакалория учун давлат корхоналари 801 минг сўм тўласа, юридик шахслар атиги 241 минг сўм тўламоқда. Бу ҳолат бюджетга қўшимча юк юклаётгани қайд этилди.
Компания 2019 йилдаги давлат-хусусий шериклик шартномасига кўра ҳар йили камида 30 фоизлик оширишни назарда тутган бўлса-да, амалда 2022 йилдан тарифлар босқичма-босқич оширилмоқда. Ўтган йили юридик шахслар учун 50 фоизлик ошириш таклифи қабул қилинмаган ва 15 фоиз билан чеклангани сабабли компания 75 млрд сўм зарар кўрган.
Янги таклиф маъқулланса, юридик шахслар учун нарх 342,3 минг сўмга, бюджет ташкилотлари учун эса 954,3 минг сўмгача кўтарилади. Veolia Energy Tashkent кейинги беш йилда хизматлар тўловини тўлиқ истеъмолчилар зиммасига ўтказишни мақсад қилган.
SEO title:
Meta description: