15 август жума куни Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трамп Алясканинг Анкориж шаҳрида учрашади. Америка экспертлар ҳамжамияти ушбу саммитни хавотир билан кутмоқда. Financial Times газетасининг ёзишича, Трампнинг атрофида Россияни тушунадиган одамлар деярли йўқ.
Кўпчилик Трамп ва Путиннинг 2018 йилда Хелсинкида бўлиб ўтган учрашувини эсламоқда. Экспертлар, сиёсатчилар ва журналистларнинг деярли бир овоздан билдирган фикрига кўра, ўшанда Трамп музокараларни муваффақиятсиз ўтказган: бирорта ҳам ён беришга эришмаган, бирорта ҳам муҳим мавзуни кўтармаган ва ҳатто Путинга хушомадгўйлик қилишгача бориб етган. Трампнинг ўша пайтдаги Россия бўйича маслаҳатчиси Фиона Хилл кейинчалик айтишича, президентларнинг саммит якунлари бўйича қўшма матбуот анжумани пайтида, у бошлиғининг гапларидан шу қадар даҳшатга тушганки, ҳатто анжуманни тўхтатиш учун ўзини ҳушидан кетгандек кўрсатишни ўйлаган экан.
FT газетаси ёзишича, бу сафар Америка томонидан тайёргарлик масаласида вазият янада ёмонроқ бўлиши мумкин. Иккинчи муддатида Трамп маслаҳатчиларни танлашда тажрибадан кўра содиқликни афзал билмоқда. Бундан ташқари, у баҳорда бундай тадбирларни тайёрлайдиган асосий орган — АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашида кенг кўламли қисқартиришлар ўтказди. Россия ва Украина бўйича мутахассислар ишдан бўшатилган ёки ўз ихтиёри билан кетган — ва ҳозирги маъмуриятда Кремль билан тенг даражада мазмунли мулоқот олиб бора оладиган бирорта ҳам шахс йўқ.
Илгари бундай учрашувларга ҳафталаб тайёргарлик кўриларди. Миллий хавфсизлик кенгаши президент ҳар қандай савол ва ҳар қандай фикрга қандай жавоб беришни билиши учун барча идоралардан маълумот тўпларди. Бу идораларнинг энг муҳими Давлат департаменти эди, бироқ июл ойида у ердан 1300 нафар ходим, жумладан, Россия ва Украинани кузатиб борган таҳлилчилар ишдан бўшатилди. Хизматда қолганларнинг таъкидлашича, Америка ташқи сиёсат тузилмаларида маънавий руҳ ҳеч қачон бундай паст бўлмаган.
Бундан ташқари, АҚШнинг Россияда ҳам, Украинада ҳам элчилари йўқ. Давлат котибининг Европа ишлари бўйича ёрдамчиси лавозими ҳам бўш турибди. Россия билан асосий музокарачи вазифасини президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф бажармоқда. У бир вақтнинг ўзида Яқин Шарқ масалалари билан ҳам шуғулланади. Ҳолбуки, 2025 йилгача у дипломатик тажрибага эга бўлмаган қурилиш тадбиркорчиси бўлган.
Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон FT нашрига айтишича, у Хелсинкидаги саммит олдидан самолётда президентга ядро қуроли ҳақида тушунтириш беришга уринган. Бироқ Трамп телевизорда футбол томоша қилишни маъқул кўрган. Энди эса Анкорижга учаётган самолётда на Болтон, на Трампга бирор нарса тушунтиришга қодир бошқа биров бўлади — Трампнинг эшитиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Оқ уй ходимларнинг қисқартирилиши «ишни тезроқ ва самаралироқ қилади» деб таъкидламоқда, Трамп эса «истеъдодли жамоа»дан маслаҳатлар олаётган экан. Шу билан бирга, Марко Рубио бир вақтнинг ўзида давлат котиби ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи вазифаларини бажармоқда — ундан олдин бу икки лавозимни фақат Генри Киссинжер 1973-1975 йилларда бирлаштирган эди. Бироқ Рубио Киссинжернинг тажрибаси ва обрўсига эга эмас.
FT газетасининг ёзишича, Трамп Аляскадаги учрашув олдидан, ўзининг бутун ташқи сиёсатида бўлгани каби, фактларни ўрганиш, экспертлар фикрини олиш ва пухта тайёргарлик кўришдан кўра кўпроқ ички сезги ва шахсий муносабатларга таянмоқда. Америка президенти Путин билан суҳбатнинг дастлабки икки дақиқасидаёқ Украинадаги урушни тугатиш бўйича келишувга эришиш мумкинлигини тушуниб олишини ваъда қилмоқда.
Бу кайфият Америка дипломатик доираларини жуда ташвишга солмоқда. АҚШнинг Полшадаги собиқ элчиси Даниэл Фрид ФТ билан суҳбатда шундай деди: «Уиткофф билан у ерда шунчаки импровизация қилишларига йўл қўйиб бўлмайди: уларнинг билимлари етарли эмас. Хонада президентга қараб, кўзларини айлантириши ва бошини чайқаши мумкин бўлган бирор киши бўлиши керак.» Бироқ бундай «кимдир»нинг пайдо бўлиши эҳтимолдан йироқ.
Худди шу мутахассислар таъкидлайдилар: Путин — тажрибали сиёсатчи ва музокарачи бўлиб, у ҳар доим мавзуни чуқур билади, суҳбатдошларини майда-чуйдаларда тутиб олишни билади ва Трамп доимо суянадиган харизманинг таъсирига берилмайди. FT суҳбатдошлари буни очиқчасига айтишни хоҳламасалар-да, Путин бу сафар ҳам, 2018 йилда Хелсинкида бўлгани каби, Трампни осонликча енгиб чиқишини назарда тутишмоқда.
Трамп FT нашрининг мақоласига аллақачон муносабат билдириб, уни «ноҳақ» деб атади. Материал учун изоҳ берган Жон Болтонни у «ишдан ҳайдалган муваффақиятсиз» ва «жуда аҳмоқ» деб таърифлади. Аммо у ҳеч қандай асосли эътироз келтирмади.