Украина Путин–Трамп саммити олдидан «провокация» уюштирмоқчилигини маълум қилди — Россия Мудофаа вазирлиги

12:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Москва Киевни 15 августдаги Путин–Трамп учрашуви олдидан тинч аҳолига ҳужум уюштириш орқали музокараларни бузишда айблади.

Ukraina

Россия Мудофаа вазирлиги Украина 15 август куни бўлиб ўтадиган Владимир Путин ва Доналд Трамп музокаралари олдидан «провокация» тайёрлаётгани ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда Meduza хабар қилди.

Вазирлик маълумотига кўра, Украина хавфсизлик хизмати хорижлик журналистларни Харков вилоятининг Чугуев шаҳрига олиб борган. Расмий баёнотда айтилишича, улар «фронтга яқин шаҳар аҳолиси ҳақида репортаж тайёрлаш баҳонасида» олиб келинган ва кейинчалик «провокация»ни ёритишлари кўзда тутилган.

Москва даъволарига кўра, Украина қўшинлари аҳоли яшайдиган кварталларга ёки кўплаб қурбонлар бўлиши мумкин бўлган шифохонага учувчисиз аппаратлар ва ракеталар ёрдамида ҳужум уюштиришни режалаштирган. Мақсад — «салбий ахборот майдони» яратиш ва музокараларни бузиш учун Россияни айблаш.

Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида ҳеч қандай далил келтирмади ва маълумот манбаларини ошкор этмади.

Путин ва Трампнинг учрашуви 15 август куни АҚШнинг Аляска штати Анкориж шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Бу музокаралар халқаро сиёсий жараёнда муҳим воқеа сифатида кўрилмоқда.

Аввлроқ, Трамп Путин билан 15 август куни Аляскада учрашиши ҳақида батафсил маълумот берган эдик.