Президент қарорига мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш ва расмий секторга ўтишни рағбатлантириш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилади.
Энг муҳим янгилик сифатида, 2026 йил 1 январдан якка тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдордаги даромад солиғини тўлаш тартиби бекор қилинади. Шу билан бирга, солиқ даврида даромади юз миллион сўмдан ошмаган ўзини ўзи банд қилган шахслар айланмадан олинадиган солиқдан озод этиладиган амалдаги тартиб ҳам тугатилади.
Янги тизимга кўра, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар айланмадан олинадиган солиқни 1 фоиз миқдорда тўлайди. Бу тадбиркорлар учун шаффоф ва рақобатбардош муҳит яратиш, ортиқча маъмурий талабларни қисқартириш ҳамда рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Қарор доирасида давлат рўйхатидан ўтишдан тортиб ҳисобот топширишгача бўлган жараёнларни қамраб олган интеграциялашган рақамли платформалар яратилади. Шунингдек, нақд пулсиз тўловларни қабул қилишнинг қулай механизмлари жорий этилади ва онлайн давлат ҳамда молиявий хизматлар учун махсус ҳуқуқий режим ишга туширилади.
Мутахассислар фикрича, ушбу ўзгаришлар кўплаб норасмий фаолият юритувчи тадбиркорларни қонуний майдонга олиб чиқиш ва кичик бизнес ривожига туртки беришга ёрдам беради.