Дунё бозорида сунъий тола ва аралаш матога талаб йил сайин ортиб бораётгани таъкидланди. Мамлакатимизда эса ҳар йили 100 минг тонна аралаш ип, мато ва газлама импорт қилинади. Шу муносабат билан 2028 йил 1 январгача аралаш мато ва газлама божхона божидан озод этилади. Мутасаддиларга йил якунигача камида 100 минг тонналик аралаш газлама ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш топширилди.
Шунингдек, бир нечта бўёқ корхоналари бирлашиб, сув тозалаш иншооти қурган тақдирда, харажатларнинг бир қисми Савдони ривожлантириш компанияси томонидан қоплаб берилади. Бу чора атроф-муҳит муҳофазаси ва экспорт стандартларига риоя этишда муҳим аҳамият касб этади.
Олис туманларда 200 нафар иш ўринли тикувчилик фабрикалари очилади
Ўтган йилда 5 млн доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилган, камида 200 нафар ишчига эга 55 та тўқимачилик корхонасига кенг имкониятлар яратилади. Уларга кўмак бериш орқали олис ва саноат кириб бормаган туманларда филиаллар очиш режалаштирилган.
Бу мақсадда Савдони ривожлантириш компаниясидан беш йил муддатга 10 млрд сўмгача Марказий банк асосий ставкасида кредит берилади. Шунингдек, хорижлик дизайнер, технолог, конструктор ва маркетологларнинг иш ҳақи давлат томонидан қоплаб берилади.
Корхоналарга қўйиладиган асосий шарт – камида 200 та иш ўрни яратиш ва муносиб иш ҳақи тўлаш. Мутасаддиларга мазкур рағбатлантириш чораларини ишга солиб, жорий йил охирига қадар 20 та туманда, келгуси йили яна 30 та туманда тикувчилик фабрикалари ишга тушириш топширилди. Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасидан бошланади.
Тўқимачиликда халқаро сертификатли корхоналар кўпайтирилади
Техник тартибга солиш агентлигига халқаро сертификатли корхоналар сонини 300 тага етказиш топширилди. Ташқи ишлар вазирлиги эса айланмаси 1 млрд доллардан катта брендлар билан ҳамкорлик йўл харитасини ишлаб чиқиб, сентябрда Тошкентда ўтадиган йирик кўргазмага уларни таклиф қилади.
АҚШда йилига қарийб 100 млрд долларлик текстил бозори мавжудлиги қайд этилди. Муқобил қўллаб-қувватлаш чоралари орқали бу мамлакатга экспорт ҳажмини 5–6 баробар ошириш мумкинлиги таъкидланди. Шу мақсадда Сент Луис ва Ню Йоркда икки савдо уйи очилади.
Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларига сунъий интеллектни жорий этиш орқали корхоналар даромадини 20–30 фоизга ошириш, фаолиятни шаффофлаштириш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш мумкинлиги қайд этилди. Бунинг учун тўқимачилик корхоналарига ERP тизимини жорий этиш дастури ишлаб чиқилади ва ўқитиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қопланади.
Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги тузилади
Президент Шавкат Мирзиёев Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилишини эълон қилди. Янги агентлик тўқимачилик, чарм ва ипак саноатига масъул бўлади.
Агентликка Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Нозимжон Холмуродов раҳбарлик қилади. Ташкилот қошида тажрибали тадбиркорлардан иборат кенгаш тузилади.
Агентликнинг алоҳида жамғармаси бўлиб, у орқали давлат кўмаги ва тўқимачилик корхоналарига арзон айланма маблағ ажратилади. Жамғармага 200 млн доллар йўналтирилади. Бу маблағлар тармоқдаги корхоналарни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги лойиҳаларни молиялаштиришга хизмат қилади.
Енгил саноат агентлиги вазифалари нимадан иборат?
Президент Шавкат Мирзиёев янги ташкил этилган Енгил саноатни ривожлантириш агентлигига тадбиркорлар билан мулоқотда бўлиб, таннарх, ишлаб чиқариш ва экспорт бўйича аниқ ечимлар тайёрлаш вазифасини юклатди. «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» режими орқали тайёр маҳсулот экспортини 2 баробарга ошириш, кооперацияни кучайтириш ҳамда паст қувватда ишлаётган корхоналарни соғломлаштириш чоралари кўрилади.
Халқаро консултантлар билан ҳамкорликда тўқимачиликни 2030 йилга қадар ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек чарм, ипак ва гиламчилик саноатини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.
Президент ҳокимлар, кластерлар ва тармоқ раҳбарларига ажратилаётган қўллаб-қувватлаш чораларининг қиймати 7 трлн сўмга тенг эканини таъкидлаб, бу маблағларга яраша натижа талаб этилишини уқтирди.