Украинанинг иттифоқчилари тўлиқ ўт очишни тўхтатиш режимига эришилган тақдирда, Россияга қарши санкцияларни босқичма-босқич юмшатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқи Кенгаши раҳбариятига яқин манбалар Sky News’га маълум қилди.
Таклиф этилаётган режага кўра, келишувлар бузилган ҳар қандай ҳолатда чекловлар дарҳол қайта тикланиши кўзда тутилган. Телеканал суҳбатдошлари дастлаб 15 кунлик тинчлик келишувига эришиш мумкинлигига умид билдирмоқда — бу босқичда санкциялар режими ўзгаришсиз қолади.
Агар ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилса, томонлар Украина ҳудудида узоқроқ ва тизимли ўт очишни тўхтатиш режимига ўтишлари мумкин, деб ҳисоблайди Европа Кенгаши.
Италия ҳукуматидаги алоҳида манбаларнинг Sky News’га маълум қилишича, 13 август куни Европа етакчиларининг АҚШ президенти Доналд Трамп билан видеоконференсияси чоғида Рим Трампнинг Россия президенти Владимир Путин билан режалаштирилган музокаралари доирасида Европа давлатларининг Украинадаги келишувни муҳокама қилишда тўлиқ иштирок этишини талаб қилмоқчи.
«Трамп Европа мамлакатларини ҳарбий харажатларни оширишга бир неча бор даъват этгани сабабли, биз ҳам бу жараённинг бир қисми бўлишимиз керак», — дея тушунтирди италиялик дипломат. Манбаларга кўра, Италия музокаралар чоғида Украина хавфсизлигига оид аниқ ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий кафолатлар зарурлигини алоҳида таъкидламоқда.