Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларига кўра , 2025 йилнинг биринчи ярмида табиий монополия субъектлари томонидан асоссиз ҳисобланган жами 20 млрд сўмга яқин маблағ 48 мингдан ортиқ жисмоний ва 100 дан зиёд юридик истеъмолчига қайтарилди.
Шу жумладан:
— Электр энергияси соҳасида 5,5 млрд сўм;
— Табиий газда 7,5 млрд сўм;
— Ичимлик суви таъминотида 2,5 млрд сўм;
— Иссиқлик таъминотида 4,5 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Самарқанд вилоятида «Ишсизларни касб-ҳунарга ўргатиш маркази» мурожаати асосида «Самарқанд сув таъминоти» АЖ томонидан асоссиз ҳисобланган 263 млн сўм истеъмолчига қайтарилди.
Қорақалпоғистон Республикасида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ «Энергосавдо» филиали Беруний тумани бўлинмаси «Хожи Каримов» фермер хўжалигидан асоссиз ҳисобланган 86 млн сўмдан ортиқ маблағни, шунингдек «Қорақалпоқ сув таъминоти» АЖ 48 мингдан ортиқ истеъмолчидан асоссиз ҳисобланган 2 млрд сўмдан ортиқ маблағни суд қарори асосида қайтарди.
Навоий вилоятида эса «Иссиқлик манбаи» ДУК мурожаати билан «Худудгаз Навоий» филиали томонидан 1,6 млн м³ дан ортиқ табиий газ учун асоссиз ҳисобланган 2,5 млрд сўмга яқин маблағ суд қарори асосида қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Аввалроқ Солиқ қўмитаси асоссиз равишда тадбиркорлардан ортиқча пул ечиб олгани ҳақида хабар берган эдик.