«Афросиёб» тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати содир этилди

19:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Самарқанд вилоятида 2025 йил январда юз берган «Афросиёб» тезюрар поездига қўпорувчилик ҳаракати учун икки нафар темирйўл ходими суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Afrosiyob

2025 йил 14 январ куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманида «Афросиёб» тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати амалга оширилган. Тергов маълумотларига кўра, 2023 йил декабрида иш лавозими қисқартирилганидан норози бўлган собиқ бригадир ўзининг ҳамкасби билан жиноий режа тузган.

Маълум қилинишича, улар 110 килограмм оғирликдаги темир-бетон шпални релслар устига кўндаланг ҳолатда қўйиб, воқеа жойидан қочган. Орадан 15 дақиқа ўтгач, 159 км/соат тезликда ҳаракатланаётган ва жами 148 йўловчи ташиб кетаётган поезд шпал билан тўқнашган. Бунинг натижасида поезднинг ҳаракатлантирувчи қисмларига жиддий шикаст етган.

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди қонунбузарларни айбдор деб топиб, бирига 13 йил, иккинчисига 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Суд ҳукмига кўра, «Афросиёб» поездига етказилган 260 миллион сўм зарар давлат фойдасига ундирилган.