Экологик талабни бузган 2 мингдан ортиқ ҳайдовчига чора кўрилди

10:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда «Тоза ҳаво» акциясининг биринчи босқичида 251 мингдан ортиқ автомобил текширилиб, 2 минг 222 тасида экологияни бузувчи моддаларнинг меъёрдан ортиқлиги аниқланди.

Eskirgan mashinalar uchun jarima

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотига кўра, биринчи босқич 2025 йил 10 апрелдан 10 майгача ўтказилган. Замонавий ускуналар ёрдамида текширилган 251 858 та автомобилнинг 0,9 фоизида ҳавога чиқарилаётган моддалар белгиланган меъёрдан ошиб кетган. Бундай ҳолатларда ҳайдовчиларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилган.

Ҳозирги пайтда акциянинг иккинчи босқичи ўтказилмоқда. У 10 августдан 10 сентябргача, Тошкент шаҳрида эса 10 сентябрдан 10 октябргача давом этади. Тадбирнинг мақсади — транспорт воситалари техник ҳолатининг экологик таъсирини баҳолаш ва атмосфера ҳавоси сифатига эътиборни кучайтириш.

Вазирликка кўра, бу ташаббус мамлакатда атмосфера ҳавосини яхшилаш бўйича тизимли ишларни давом эттиришга хизмат қилади. 2024 йилда ўтказилган акцияда 303 ҳайдовчига нисбатан 50,1 млн сўм жарима қўлланилган эди.

Аввалроқ пойтахтнинг айрим кўчаларида тезлик чегарасини 80 km/h гача ошириш таклифи муҳокама қилингани ҳақида хабар қилган эдик.