Al Jazeera хабар беришича, Исроил Ғазо секторидан фаластинликларни Жанубий Суданга кўчириш масаласида ушбу давлат билан гўё музокаралар олиб бормоқда. Associated Press агентлиги маълумотларига кўра, бу жараёнда олти манба иштирок этмоқда, аммо келишув қай босқичда экани ҳозирча номаълум. Агар режа амалга ошса, фаластинликлар бир уруш ва очлик хавфи мавжуд ҳудуддан яна бир инқирозли давлатга кўчирилади.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф этган «кўчириш» режасини «ихтиёрий миграция» деб атади. Унинг таъкидлашича: «Аҳоли ҳудудни тарк этганидан сўнг қолган «душман»га қарши қаттиқ кураш олиб борилади».
Шу билан бирга, Исроил бошқа Африка давлатлари билан ҳам шундай йўл картасини муҳокама қилгани айтилмоқда.
Жанубий Судан Ташқи ишлар вазирлиги эса бу ҳақдаги маълумотларни «асоссиз» деб баҳолаб, ҳукуматнинг расмий позицияси сифатида рад этди. Айрим исроиллик сиёсатчилар Ғазодан фаластинликларни мажбурий чиқаришни таклиф қилган бўлса, халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари буни «этник тозалаш» сифатида баҳоламоқда. Танқидчиларнинг фикрича, бундай ҳаракат фаластинликларни қайтиш ҳуқуқидан маҳрум этиб, Исроилга ҳудудни эгаллаб, яҳудий аҳоли пунктларини қайта тиклаш имконини беради.
Associated Press маълумотларига кўра, Жанубий Судан музокаралар эвазига АҚШдан айрим санкцияларни бекор қилиш ва сафар тақиқларини олиб ташлашни талаб қилган.
Маълумот учун, Жанубий Судан 2011 йилда мустақилликка эришган. Шундан бери мамлакатда фуқаролар уруши давом этмоқда, қурбонлар сони 400 мингга яқинлашган. Айрим ҳудудлар очарчилик азобини тортмоқда, ички қуролли тўқнашувлар эса ҳануз тўхтагани йўқ. Жамият фаоллари мамлакат “одамлар учун чиқиндихона”га айланмаслиги ва “геосиёсий савдолар қурбони” бўлмаслиги кераклигини таъкидламоқда.