Гўшт, сут, ёғ қимматлашди: аҳоли нимадан хавотирда?

15:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Марказий банк июл ойида ўтказган сўров натижаларига кўра, аҳоли ва тадбиркорлар коммунал хизматлар, энергия ресурслари ҳамда озиқ-овқат нархлари яна ошишидан хавотирланмоқда.

Aholi nimadan

Марказий банк томонидан 2025-йил июль ойида инфляцион кутилмалар тўғрисида ўтказилган сўровномада жами 3 минг 860 нафар респондент иштирок этди.

Унга кўра, аҳолининг келгуси 12 ойлик инфляция кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,3 фоиз бандига камайиб, 12,9 фоизни ташкил этди. Бироқ бизнес субъектлари орасида пессимизм кучайиб, уларнинг инфляция кутилмалари 12,1 фоизга (+0,3 фоиз) ошди.

Ҳар икки гуруҳ ҳам коммунал хизматлар, ёқилғи-энергетика ресурслари нархининг қимматлашиши, шунингдек, иш ҳақи ва нафақалар ошишидан хавотирда. Кафе ва ресторан эгалари (14,3 фоиз) ҳам, ходимлари (14,5 фоиз) ҳам энг юқори инфляция даражасини кутмоқда.

Маълумот учун, «Veolia Energy Tashkent» 1 октябрдан аҳоли, юридик шахслар ва бюджет ташкилотлари учун иссиқ сув ва иситиш нархларини сезиларли оширишни таклиф қилди. Аҳолининг коммунал тўловлар борасидаги хавотири, балки, ўринлидир.

Ҳудудлар кесимида кўрсаткич қандай?

Энг ёмон кутилмалар пойтахтда қайд этилди. Тошкентда аҳоли инфляцияни 16 фоиз (+0,8 фоиз), бизнес эса 13,8 фоиз (+0,2 фоиз) даражасида прогноз қилмоқда. Пойтахтликларнинг 38 фоизи келгуси бир йил ичида нархлар 17 фоиздан ҳам кўпроқ ошади, деб ўйлайди.

Кимлар хавотирда?

Inf wait 03

Ойлик даромади 5 млн сўмдан юқори бўлганлар нархлар кўпроқ ошади, деб ҳисобламоқда. Айниқса, 15 млн сўмдан ортиқ даромад топувчиларнинг кутилмалари (15,7 фоиз) энг юқори даражада.

Гўшт, сут, ёғ қимматлашди

Гўшт ва сут нархлари юқори даражада қимматлашганини сўровнома иштирокчиларининг 58 фоизи тасдиқлаган. Бу ўтган ойга нисбатан 5 фоиз бандига кўп.

Ifl wait 02

Маълумот учун, пойтахт ҳокимлиги 3 август куни бозорларда арзонлаштирилган гўштлар растаси ташкил қилингани ҳақида хабар берган эди. Бироқ бу фақат импорт гўштларга тааллуқли бўлиб, маҳаллий гўшт нархида ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаган. Бундан ташқари, июнь ойида гўшт нархи 3,5 фоиздан 10 фоизгача ошган.

Шунингдек, ўсимлик ёғи нархи ошганини сезганлар улуши 2 фоиз бандига кўпайиб, сўралганларнинг 23 фоизини ташкил этган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров нархлар ошишини пахта билан боғлади: «Пахта нархига зарарли маъмурий аралашувнинг оқибатлари ва ёмон прогнозлар ҳақида ўша пайтдаёқ айтилганди. Мана, рағбатнинг ўлдирилиши ортидан териб олинмаган пахта туфайли ем қиммат ва гўшт-сут қиммат, ёғ қиммат».

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ой давомида дорилар, мева-сабзавотлар ва таълим хизматлари нархи қимматлашганини айтганлар сони ҳам кўпайган.

Одамлар инфляцияни сездими?

Сезилган инфляция умумий ҳисобда 13,3 фоизгача (-0,1 фоиз) тушди. Лекин Тошкентда у аксинча, 16,4 фоизгача (+0,2 фоиз) ошди.

Inf wait 03

Ойлик даромади 15 млн сўмдан юқори бўлганларда бу кўрсаткич кескин кўтарилиб, 17,7 фоизга етди. Шунингдек, ўртаҳол (4–7 млн сўм) ва кам даромадли (2 млн сўмгача) аҳоли қатламида ҳам нархлар ошганидан хавотир ортаётгани қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда умумий инфляция 8,7 фоизга тушган эди. Бироқ 105 турдаги товар ва хизматлар нархи 10 фоиздан кўпроққа ўсган.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади