Тегишли ҳуқуқий ҳужжатга кўра:
— болаликдан ногиронлиги бўлганлар,
— етимлар,
— I ва II гуруҳ ногиронлари,
— ёшга оид пенсияга чиққан ишламайдиган шахслар,
— 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилганлар,
— байналмилалчи жангчилар,
— кам таъминланган оилалар аъзолари,
— камбағаллик реестридаги фуқаролар
— ойлик даромади минимал истеъмол харажати миқдорининг икки бараваридан ошмайдиган шахслар ушбу рўйхатга киради.
Йўлланма олиш учун фуқаро яшаш жойидаги оилавий шифокор пункти ёки поликлиникага мурожаат қилади. Кейин у кўп тармоқли марказий поликлиникага йўналтирилади. Агар беморнинг касаллиги ҳудудда даволаниши мумкин бўлса, уни туман тиббиёт бирлашмасига, зарурат бўлса, вилоят ёки республика тиббиёт муассасасига жўнатишади. Ижтимоий аҳамиятли касалликлар бўйича рўйхатда турганлар эса бевосита юқори босқич муассасаларига юборилиши мумкин.
Имтиёзли йўлланма тиббий танлов комиссияси хулосаси асосида берилади. Бу жараён рақамлаштирилган бўлиб, my.gov.uz портали орқали йўлланма ҳолатини текшириш мумкин. Порталда ариза тури, шахсий маълумотлар ва йўлланма маълумотларини киритиб, электрон ҳужжатни юклаб олиш имконияти бор.
Ҳукумат мазкур тизимни янада соддалаштириш ва аҳолига тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.