Женнифер Лопеснинг концерти: Қозоғистон кўпроқ фойда кўрдими ёки Ўзбекистон?

11:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Остона ва Олмота шаҳарларидаги концертларга 12 мингга яқин турист ташриф буюриб, ҳар бири ўртача минг доллар сарфлаган.

Jennifer lopes

Қозоғистон молия вазири Мади Такиевнинг маълумот беришича, америкалик қўшиқчи Женнифер Лопеснинг Остона ва Олмота шаҳарларида ўтказилган концертлари мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатди.

«Умуман олганда, консерт фойдали бўлди. Биринчидан, Жей Ло ёлғиз келмайди, у билан бирга қўшни давлатлардан 12 мингга яқин туристлар ҳам ташриф буюрди. Остонадаги концертга 5 мингга яқин, Олмотадаги концертга эса 7 мингга яқин сайёҳ келди. Уларнинг барчаси меҳмонхоналарда жойлашди, ресторанларга ташриф буюрди, шаҳар бўйлаб сайр қилди. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳар бир сайёҳ камида минг доллар сарфлайди,» деди Такиев.

Бу эса маҳаллий хизмат кўрсатиш соҳаси ва савдо айланмасига сезиларли равишда фойда келтирган.

«Ҳозирча аниқ солиқ тушумлари ҳисобланмаган, чунки солиқ тўлаш муддати ҳали келмаган. Молия вазирлиги туризмдан тушган фойда, меҳмонхоналар ва овқатланиш муассасаларидаги нархлар ўзгариши ҳамда савдо айланмаси бўйича кузатув олиб бормоқда. Барча маълумотлар декларациялар тақдим этилганидан сўнг аниқ бўлади» дея таъкидлади вазир.

Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Серик Жумангариннинг айтишича, «Концерт ташкилотчилари 400 млн тенге (тахминан 743 минг доллар) даромад олишни режалаштирган. Солиқ декларацияси 25 ноябрга қадар топширилиши ва 25 кун ичида солиқ тўланиши керак».

Женнифер Лопеснинг Қозоғистондаги концертлари нафақат томошабинларга, балки туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам катта иқтисодий рағбат берди.

Аввалроқ концертдан Тошкент иқтисодиётига 42,5 млрд сўмдан ортиқ солиқ тушгани, концерга 15 минг сайёҳ келгани ва тадбир давомида Тошкент меҳмонхоналарининг бандлик даражаси 25,7 фоизга ошгани ҳақида хабар берган эдик.