Агентлик маълумот беришича, айрим давлатларда меҳнат мигрантларини уруш ва жанговар ҳаракатларга ёллаш ҳолатлари кўпайган. Бу фуқароларнинг ҳаёти, эркинлиги ва келажагига жиддий хавф туғдиради. Шу муносабат билан қуролли можаролар ҳудудларига яқинлашиш, ҳарбий операцияларда иштирок этиш, хорижий қуролли тузилмаларга қўшилиш ва ёллаш таклифларига рози бўлиш қатъий ман этилгани эслатилди.
Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра, чет эл ҳарбий хизматларига қўшилганлик учун 300 бараваргача БҲМ миқдорида жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари белгиланади. Ёлланма асосда хизмат қилиш эса 3–5 йил озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Агентлик хавф туғилганда дарҳол Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ёки Миграция агентлиги ваколатхоналарига мурожаат қилишни тавсия этди.
«Хочу жит» лойиҳаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Россия камида 902 нафар ўзбекистонликни урушга ёллаган. Жами 1110 нафар ўзбекистонлик ҳарбий ҳизматга жалб этилган; улардан 109 нафари ҳалок бўлган. Ўзбекистонда текширув ва жиноий таъқиб кучайганига қарамай, ёллаш ҳолатлари давом этмоқда.