Сўнгги йилларда сунъий интеллект (СИ) таълим соҳасида тобора кенг қўлланилмоқда. У кундалик вазифаларни автоматлаштириш, ўқувчиларга тезкор ёрдам бериш ва маълумотларга осон етиш имконини бермоқда. Бироқ, мутахассислар фикрича, СИ ҳар доим ҳам таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатмайди ва айрим хавфларни ҳам келтириб чиқаради.
Айниқса, ҳуманитар фанлар ўқитувчилари СИдан фойдаланишга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Уларнинг айтишича, технология талабаларнинг танқидий фикрлаш ва чуқур таҳлил қилиш қобилиятини тўлиқ ривожлантирмайди. Шу боис, кўплаб таълим муассасалари анъанавий очиқ дарслар, гуруҳли ишлаш ва маҳаллий жамоалар билан мулоқотга кўпроқ урғу бермоқда.
Баъзи ўқитувчилар СИ’ни ўқув мавзуси сифатида қўллаб, талабалар билан бирга унинг қандай маълумот йиғиши, улардан қандай фойдаланиши ва қайси ҳуқуқий-ахлоқий масалаларни келтириб чиқариши мумкинлигини ўрганмоқда. Бу ёндашув орқали талабалар технологиянинг шаффоф эмаслиги ва хатолари учун жавобгарликни аниқлаш қийинлигини англаб етади.
Таълим жараёнида яна бир хавф — СИ маълумотни инсон услубида тақдим этиб, унга ишонч уйғотишидир. Ҳаттоки нотўғри маълумот берган ҳолларда ҳам. Бу эса тажрибасиз талабаларнинг фактлар текширувига етарли эътибор қаратмаслигига олиб келиши мумкин.
Мутахассисларнинг хулоса қилишларича, таълимнинг келажаги СИдан тўлиқ воз кечиш ёки уни чексиз қўллашда эмас, балки ҳар қандай технологиядан танқидий баҳолаш кўникмасини ривожлантиришда унумли фойдаланишда ётади.