Ўзбекистонда уй-жой бозорида сўнгги икки йилликдаги рекорд ўсиш қайд этилди

13:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Июл ойида уй-жой савдоси ҳажми 26 мингдан ошиб, бир ойда 25 фоиз, йилликда эса 14,2 фоизга ўсди.

Uy joy

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2025 йил июл ойи Ўзбекистон кўчмас мулк бозори учун сўнгги икки йилдаги энг фаол давр бўлди. Уй-жой олди-сотди шартномалари сони 26 мингтадан ошиб, июн ойига нисбатан 25 фоизга кўп қайд этилди. Йиллик ҳисобда ўсиш суръати 14,2 фоизни ташкил қилди.

Ҳудудлар кесимида энг катта фаоллик Сурхондарё (41 фоиз), Сирдарё (35,3 фоиз) ва Қашқадарё (33,7 фоиз) вилоятларида кузатилди. Тошкент шаҳрида савдо ҳажми ойликда 24,6 фоизга ўсди.

Иккиламчи уй-жой бозорида ҳам нархлар ошишда давом этди. Июн ойидаги 0,3 фоизлик ўсишдан сўнг, июл ойида ўртача бозор қиймати 1,7 фоизга кўтарилди. Йиллик ҳисобда эса ўсиш 3,3 фоизни ташкил қилди. Жиззах (15,2 фоиз), Сурхондарё (14,1 фоиз) ва Хоразм (9,6 фоиз) вилоятларида энг юқори йиллик ўсиш қайд этилди.

Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой нархлари июл ойида ўртача 0,8 фоизга ошган бўлса-да, йилликда 3,2 фоизлик ўсиш қайд этилди. Бирламчи уй-жой нархлари эса йилликда 0,9 фоизга пасайди. Иккиламчи бозорда энг катта пасайиш Мирзо Улуғбек (-8,2 фоиз), Яшнобод (-4,5 фоиз) ва Юнусобод (-4,2 фоиз) туманларида кузатилди. Бирламчи уй-жойлар бўйича Учтепа (-8,8 фоиз), Юнусобод (-6,7 фоиз) ва Шайхонтоҳур (-4,7 фоиз) туманлари етакчи бўлди.

Ижара бозорида эса Тошкентда барқарорлик сақланди — ўртача бир квадрат метр учун 8 доллар. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи 10,3 доллар атрофида қолди. Йилликда ижара нархлари 2,8 фоизга пасайди, асосан Учтепа, Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларида.