«Қатъиятлилар коалицияси» Украина бўйича тўрт асосий талабни эълон қилди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Коалиция Россиянинг Украинага нисбатан ҳарбий ва дипломатик чекловлар қўйиш ҳуқуқини рад этиб, Киевнинг НАТО ва ЕИга қўшилиш йўлини қўллаб-қувватлади.

Trump

«Қатъиятлилар коалицияси» келгуси тинчлик келишуви доирасида Украина Қуролли кучларига ҳар қандай чекловлар жорий этилишини рад этди. Шунингдек, Россия Украинага Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилишда вето ҳуқуқига эга бўлмаслиги лозимлиги таъкидланди. Бу ҳақда Британия ҳукумати сайтида эълон қилинган баёнотга таянадиган РБК-Украина хабар берди.

Виртуал учрашувда Украина президенти Володимир Зеленский, АҚШ президенти Доналд Трамп, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, шунингдек, Франция, Германия ва Британия раҳбарлари иштирок этди. Лидерлар Трампнинг Россия бошлаган урушни тўхтатиш ва адолатли, барқарор тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Баёнотда Украина иштирокисиз тинчлик келишуви мумкин эмаслиги қайд этилди. Киевни қўллаб-қувватлаш, дипломатик фаоллик ва Россияга босим ўтказиш биргаликда амалга оширилиши лозимлиги таъкидланди.

Коалиция урушни тугатиш учун тўрт асосий талабни эълон қилди. Биринчиси — оташкесим ёки узоқ муддатли, сезиларли даражадаги ҳарбий ҳаракатлар тўхташи шартида мазмунли музокаралар ўтказиш. Иккинчиси — Россия ҳарбий иқтисодиётига босимни кучайтириш учун санкциялар ва иқтисодий чораларни кенгайтириш. Учинчиси — халқаро чегаралар куч билан ўзгартирилмаслиги. Тўртинчиси — Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини самарали ҳимоя қилиш учун ишончли хавфсизлик кафолатлари.

Коалиция, зарурат туғилганда, Украинада урушдан сўнг қўллаб-қувватлаш кучларини жойлаштиришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Украина қуролли кучлари ёки унинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлигига ҳеч қандай чеклов бўлмаслиги кераклиги қайд этилди. Россия Киевнинг НАТО ва ЕИга қўшилиш йўлида тўсиқ қўя олмаслиги лозим.