Ҳозир Интернетга кириб, қаерга қараманг тотализатор ва онлайн қиморхоналар рекламасини кўриш мумкин. Ўзбекистонда бундай реклама қонун билан тақиқланган бўлишига қарамай, бу реклама усуллари турли хориждан туриб, турли реклама плашкалари орқали иловаларга ва сайтларга қимор иловаларига ҳаволалар жойлаштирилмоқда. Қолаверса, спорт транляциялари орқали ҳам стадионлардаги реклама баннерларида фаол реклама қилинади.
Энди эса бу ишга Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ва ном қозонган блогерлар ҳам жалб қилинмоқда. Улар тушуниб тушунмай, баъзилари эса қонунларга беписандларча азарт ўйинлар, онлайн тотализатор ва казиноларни реклама ва тарғибот қилмоқда. Ҳолбуки, қимор ўйнаш бизнинг миллийлигимизга ҳам, қадриятларимизга ҳам зид. Бадиий адабиётларимизда ҳам, кундалик турмушимизда ҳам қиморвозлар доимо қораланиб келган.
Бир қараганда, қимор ўйнаш-ўйнамаслик ҳар бир инсоннинг шахсий иши, шахсий танлови, уларга индамаслик керак, рекламага қўйиб бериш керак, дейдиганлар ҳам топилади. Лекин бундай фикрлаш калтабинлик. Қимор асло шахсий танлов масаласи эмас. Бўлиб ҳам, айни кунларда ҳар қандай гаджетдан казино ва тотализаторлар рекламаси шиддат билан тарғиб қилинаётган кунларда. Чунки ҳеч ким ошиқ отиш, шошқол ташлаш, нарда ёки карта ўйнаш ҳақида гапирмаяпти.
Бугунги кунда онлайн қиморхоналар — иқтисодий йўқотишлар, ижтимоий алоқаларнинг бузилиши, психологик қарамлик ва ҳатто жиноятчиликка йўл очиши мумкин бўлган хавфли ҳодисага айланиб бўлган.
Ўзингиз ўйланг, онлайн қиморга омонатчиларнинг пулини тикиб юборган неча неча банк ходимлари ҳақида хабарлар чиқди. Ёки осон бойиш илинжида ходимларнинг маошини тикиб юбориб, ютқазиб қўйган бухгалтерлар-чи?
Бобоси ёки бувисининг пенсия пуллари, ота-онасининг карталаридан пул ўғирлаб қиморга тиккан, танишларидан жуда катта қарз бўлиб қолиб, ўз жонига қасд қилган, қасд қилишга уринган ёшлар ҳақидаги ҳолатлар жуда кўпчиликка таниш бўлса керак.
Келинг, бугунги мақолада онлайн тотализатор ва қиморнинг ёшлар орасида қандай тарғиб қилинаётгани, унга қарши туриш, унинг тарғибига тўсқинлик йўллари ҳақида гаплашамиз.
Ноқонуний реклама: нималарга эътибор бериш керак
Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, қимор ва тотализатор фаолияти тақиқланган, ҳаттоки рекламаси ҳам. Бироқ, турли маркетинг усуллари орқали уларнинг реклама ва тарғиботи олиб борилмоқда.
Спорт либослари ва стадионлардаги логотиплар. Бирор спорт жамоа (кўп ҳолларда футбол клублари ёки якка спортчи хорижий букмекер билан шартнома тузади, кейинги либосига уларнинг логотипини тушириб, мусобқаларда иштирок этади. Эфирларда ўша логотип туширилган либос реклама сифатида намоён бўлади. Қолаверса, футбол ўйинларида майдонни ўраб турган реклама шитларида ҳам тотализаторлар ўйин давомида тинмай реклама қилиб турилади.
Ҳозирги кунда спорт ўйинларининг жонли трансляциялари пуллик бўлиб улгурган. Шундай трансляцияларни олиб берувчи турли иловаларда ҳам тотализаторлар рекламаси фаол реклама қилинади.
Стрим ва онлайн ўйинлар. Геймерлар ёки киберспортчилар трансляция пайтида букмекер иловаларини «тасодифан» тилга олишади ёки логотипи туширилган баннерни кўрсатиб ўтишади.
Турли мессенжер орқали «промо-код»лар тақдим этилиши. Телеграм ва Instagram’да ёпиқ каналлардан «ютуқли» ва «бонусли» ҳаволалари тарқатилади.
Бу жараёнларни назорат қилиш жуда қийин, чунки ҳар бир ҳолат алоҳида текширув ва мукаммал техник филтр талаб қилади.
Ўйинларни трансляция қилувчи ўртамчи компаниялар ҳам бу ерда ожиз қолишади. Стадионлардаги реклама шитларида рекламани алмаштириш технологиялари аллақачон бор. Айтайлик, Ўзбекистон учун узатилаётган трансляцияларда ундан рекламалар ўрнига Ўзбекистон учун хос рекламаларни узатиш. Аммо футболчиларнинг либосларидаги логотипларни барибир беркитиб бўлмайди. Кўз тушаверади.
Ёшлар орасида оммалашишига сабаб: осон пул иллюзияси
Яна таъкидлаймиз: бу зарарли одатлар кўпроқ ёшларимизни ўз домига тортиб кетмоқда. Ёшлар одатда қизиққон, қизиқувчан ва ишонувчан бўлади, шу сабабли уларнинг қимор ўйинларига ружу қўйишида неча умумий омиллар кузатилади:
Тез пул топиш умиди. «Атиги 100 минг сўм тикиб, 1 миллион сўмга ютуққа эга бўлиш» иллюзияси. Таққослашда ютуқ эҳтимоли аслидагидан бир неча баробар катта кўрсатилади.
Спорт ва киберспорт орқали кириш. Ёшлар ўзлари севган жамоаси ёки ўйинчиси учун «дов тикиш» орқали уларга гўёки ишонч билдириб, ҳис-туйғуга асосланган қарор қабул қилади.
Тенгдошлар таъсири. Бир гуруҳда кимдир «катта ютуққа эга бўлгани» ҳақида эълон қилиб, бошқаларни ҳам «ўз бахтини синаб кўриш»га чорлайди.
Иқтисодий қийинчиликлар. Даромад етишмаслиги фонида «бир марта омадим келса, барча муаммоларимни ҳал қиламан», деган хатарли фикр шаклланади.
Салбий оқибатлар — молиявий ва маънавий йўқотишлар
Гарчи ружу қўйган ёшлар катта-катта маблағлардан ажралиб, айрим ҳолларда қарз гирдобида қолиб кетаётган бўлса-да, кошкийди тотализаторлар ва бошқа қимор ўйинларининг салбий таъсири фақат пул йўқотишлари билан чекланса. Бундай ўйинлар ёшларнинг юриш-туриши, психологиясини ҳам зарарлайди.
Ўқиш ва ишда самарасизлик. Қимор ўйинларга вақт, эътибор ва энергия сарфланини натижасида ёшларнинг ўқишида пасайиш, ишда эътиборсизлик юзага келади. Фикри хаёли ўша кутилаётган ютуқда бўлиб қолади.
Оилавий инқирозлар. Қарз, ишонч йўқотилиши ва кундалик можаролар ёшларнинг оилада муросасизлик келтириб чиқаради. Ота-она яқинлардан дашном эшитавериб безиб қолади, уларга қулоқ тутмай қўяди. Тўғри гапларни ҳам нотўғри қабул қилади.
Психологик қарамлик. Туганмас депрессия, яқинлардан иҳоталаниш, доимий стресс ҳолати шаклланади. Бу эса руҳий касалликларга олиб келиши мумкин. Ҳаттоки айрим ёшлар ўз жонига қасд қилишгача бориб етишади.
Жиноятчилик хавфи. Қарз ёпиш ёки яна «бир уриниб кўриш» учун жиноятчиликка — кўп ҳолларда ўғриликка, фирибгарликка қўл урилиши мумкин.
Қимор феномени: миядаги «ютуқ иллюзияси»
Илмий нуқтайи назардан олиб қаралса, қимор ва тотализаторларга ружу қўйилишидаги асосий хавф — допамин циклларидир. Инсон ҳар сафар «ютуқ эҳтимоли»ни ҳис қилганда, мияда ҳузур уйғотувчи гормонлар ажралиб чиқади. Бу жараён, ҳатто ўйинда ютқазганда ҳам, яна уриниб кўриш истагини кучайтиради.
Иқтисодчи ва психологларнинг таъкидлашича, қимор индустрияси илмий асосланган манипуляция усулларидан фойдаланади:
- Яқинда ютқазганга «бонус» таклиф қилиб, яна ўйнашга рағбат уйғотиш.
- «Яна бир марта уриниб кўр» каби чорловлар орқали ўйинни узайтириш.
- Муваффақиятли сценарийларни йирик ҳарфларда, ютқазиш ҳолатларини эса кичик шрифтлар ва яширин кўрсатиш.
Ёшларда ўз иродасини ўзи назорат қилиш тўлиқ ривожланмагани сабабли бу тузоққа тушиш хавфи катта.
Қонунчилик ва назорат
Ўзбекистонда букмекерлик ва тотализаторлар фаолияти тўлиқ тақиқланган. Лекин интернет орқали кириш мумкин бўлган хорижий онлайн платформалар ҳамон фаол. Буни бартараф этиш борасида ҳам қўл уриладиган ишлар бир талай.
Кўп узоққа бормаслик керак, жаҳон тажрибасида бу борада турли ёндашувлар мавжуд:
- Англия, Испания, Италияда реклама вақтини чеклаш ва яширин реклама учун катта жарималар жорий этилган.
- Австралияда спорт трансляциялари вақтида қимор реклама қилиш бутунлай ман этилади.
- Сингапурда онлайн қимор платформаларига тўлиқ техник блокировка қўлланади.
Ўзбекистонда ҳам қонунчиликни модернизация қилиш ва интернет мониторингини кучайтириш орқали бу оқимни чеклаш мумкин.
Ечим ва тавсиялар: энг аввало профилактика
Биринчи навбатда ахборот саводхонлигини кучайтириш керак. Мактаб ва олий таълим муассасаларида қиморнинг хавфлари ҳақида махсус курслар жорий этиш лозим. Маҳаллаларда ҳам тарғиботни кучайтириш керак. Маҳалла еттилиги шундай ишлар билан шуғулланаётган ёшлар билан ишлаши лозим.
Пул билан муомала қилинадиган ташкилотлар, хусусан, банкларда бу бора профилактик тадбирлар ўтказилиши керак.
ОАВ ва блогерлар масъулияти. Онлайн оммавий ахборот воситалари, блогер ва инфлюенсерларнинг контентларида қимор ўйинларининг яширин рекламасига йўл қўймаслик, контентда этик меъёрларга риоя қилиниши талабини қўйиш. Блогерлар учун йўриқномалар ишлаб чиқиш, қандай контентларни тарқатиш қонун олдида жавобгарлик келтириб чиқаришини уларга тушунтириш.
Психологик ёрдам марказлари. Қимор ўйинларга қарамликка қарши терапия ва маслаҳат хизматларини оммалаштириш.
Давлат ва жамоатчилик ҳамкорлиги. Қиморга қарши ижтимоий кампаниялар ва профилактик тадбирлар ташкил этиш. Айниқса қимор ўйинларининг салбий оқибатлари ҳақидаги ижтимоий контентларни кўпайтириш. Бу йўлда давлат томонидан турли грантлар ва танловлар ташкил қилиш.
Келажак учун масъулият
Қимор ўйинлари ва тотализаторлар — бу фақат шу зарарли одатга ружу қўйган одамларнинг шахсий муаммоси эмас. Бу ижтимоий хавф, иқтисодий йўқотишлар ва маънавий инқироз манбаи. Ёшлар онгини ҳимоя қилиш учун қонун, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари биргаликда ҳаракат қилиши шарт.
Чунки қиморга қарамликдан холи авлод — барқарор иқтисодиёт ва соғлом жамиятнинг гаровидир.
Шуҳрат Шокиржонов.