Тошкентда тунда ҳам автобуслар ҳаракати йўлга қўйилиши мумкин

18:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Пойтахтда тунги вақтларда ҳаракатланувчи автобуслар йўлга қўйилиши мумкин. Бу шаҳар кенгаши депутатлари билан муҳокама қилинди.

Night busФото: uznews.uz

Жамоат транспортини тунги вақтларда ҳам ҳаракатланиши масаласи 12 август куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида Тошкент шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Аллаёр Норбўтаев томонидан маълум қилинди.

Таклифга кўра, тунги автобуслар соат 22:00 дан 06:00 гача ҳаракатланади ва улар аэропорт, темирйўл вокзали, метро бекатлари, туризм кўчалари, савдо ва кўнгилочар марказлар, йирик бозорлар, талабалар ётоқхонаси ҳамда шифохоналар орқали ўтади. Умумий ҳисобда 15 та йўналиш икки босқичда ташкил этилади, дастлаб йўлга чиқиш интервали ярим соат бўлади.

Норбўтаевнинг сўзларига кўра, чипта нархи кундузги тариф билан бир хил бўлади. Туризм комиссияси томонидан нархни қимматлаштириш таклифи берилган бўлса-да, транспорт бошқармаси бунга қарши чиқди. Унинг таъкидлашича, кечқурун фақат пулли йўловчилар эмас, балки шошилинч зарурат туфайли сафарга чиқувчи шахслар ҳам бўлади.

Автобусларни алоҳида қизил рангга бўяш ва уларнинг рақамларини «Т» ҳарфи билан белгилаш таклифи ҳам берилган. Режага кўра, 15 та йўналишда 54 та автобус ҳаракат қилади. Лойиҳани амалга ошириш маҳаллий бюджетдан тахминан 33 млрд сўм талаб этади.

Тунги автобуслар ташаббуси президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган тунги иқтисодиётни ривожлантириш концепциясида ҳам акс этган. Унда тунги хизматлар, маданий тадбирлар ва жамоат транспорти ҳақида маълумот берувчи мобил иловалар яратиш режалаштирилган.