Мурожаатчиларга кўра, Чилонзор кўчасида қурилаётган кўп қаватли уйларга одамлар 100 фоиз тўлов қилган ёки уйи бузилган мулкдорлар янги уйларга кўчиб ўта ололмай бир неча йилдан буён сарсон. Уйларнинг қуриб фойдаланишга топширилиши эса ҳамон чўзилмоқда. Vaqt.uz ҳолатни жойига бориб ўрганди.
Видео
Аниқланишича, «Future growth» МЧЖ ва фуқаролар ўртасида ўзаро келишувга асосан «Premier house» турур жой мажмуаси қурилиши учун инвестиция киритиш бўйича шартнома тузилган. Шунингдек, мурожаатчиларнинг яна бир қисми ўзлари истиқомат қилиб келган икки қаватли турар жой бинолари 2021 йилнинг ёзида бузилгани, аллақачон бу уйларнинг ўрнида янги кўп қаватли бинолар қад кўтарган бўлиши кераклиги, уларга бузилган уйлари эвазига шу янги бинолардан хонадон берилиши кераклигини таъкидлашди.
Маълум бўлишича, пудратчи ташкилот лойиҳага кўра, мазкур тураржойнинг биринчи биносини 2021 йил сентябр ойида, иккинчисини 2022 йил сентябр ойида, учинчисини 2026 йил июнда ва тўртинчи биносини 2023 йил декабрда ойида битказиб фойдаланишга топшириш мажбуриятини олган.
«Чилонзор кўчасидаги икки қаватли уйларда яшардик. 2021 йил уйимиз «снос»га тушди ва уйдан чиқиб кетдик. 4 йилдан буён ижарада қийналиб яшаяпмиз. Уйи «снос»га тушганлар билан шартнома тузилмаган, фақат кафолатнома берилган. Инвесторлар билан шартнома тузилган. Бир йилда қуриб берамиз дейишган. Энди қачон битишини худо билади», дейди Саидакбар Умаров.
Гувоҳи бўлдикки, қурилиш айни кунларда бир объектда секинлашган бўлса, бошқа бирида ҳали бошланмаган. Чилонзор кўчаси 21 уйда истиқомат қилган хонадон эгаларининг аксарияти 4 йилдан буён кўчаларда сарсон-саргардон. Бузилган уйларидан вақтинча кўчирилганларнинг яна бир эътирози ўз вақтида ижара тўловлари тўлаб берилмаётгани.
Уйи бузилган аёлнинг айтишича, 5 йил олдин Чилонзор кўчасидаги икки қаватли уйдан хонадон сотиб олиб, уни таъмирлаган. Бироз муддат ўтгандан кейин яшаб турган жойи бузилиши ва ўрнида қад ростлайдиган уйдан хонадон берилиши вада қилинади.
«Бизни чиқаришгандан кейин уйимиздаги ҳамма нарсани мажбур бўлиб сотдик. Ҳозир на «дом», на уйимиздаги нарсаларимиз бор. Қурувчи ташкилот билан ижара пулини бермаслиги ўрнига янги уйдан хонадон майдонини кўпроқ бериши бўйича келишганмиз. Лекин қўшниларим тўрт ойдан бери ижара пулини ололмаяпти. Тўртинчи «дом»ни ҳали ғишти йўқ. Ҳеч бўлмаса, пеня тўланглар десак, пулимиз йўқ деяпти. Фақат қуруқ ваъдалар бериляпти», дейди қурувчидан норози фуқаро.
Уйларини ололмаётган фуқаролар бир неча ташкилотларнинг эшигини қоққан. Улардан фақатгина Чилонзор туман прокуратураси ҳолатга муносабат билдирган. Унга кўра, тарафлар ўртасида юзага келадиган низолар суд тартибида ҳал қилиниши ва фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишлари мумкинлиги баён қилинган.
Наталя Рахман 100 фоиз тўлов қилиб хонадон сотиб олган. Уни қурувчилар 3 йилдан буён қуруқ ваъдалар билан алдаб келишаётганини айтиб ўтди.
«72 метр квадратли 3 хонали хонадон бизга 44 минг долларга тушганди. Шартнома туздик ва уй учун сармоядор бўлдик. Ҳозир ота-онамизникида яшаб турибмиз, чунки бошқа жойимиз йўқ. Қийналаяпмиз. Лекин афсуски, 3 йилдан бери бирор ҳаракат кўрмаяпмиз. Компания офисига мурожаат қиляпмиз. Бизни меҳмон қилиб, март, декабр деб ваъда қилиб келишяпти. Биз учун Телеграм канал очишган. Лекин қурилишда 4-5 киши ишлаши бу ҳеч нарса дегани эмас. Ярим йилдан бери турли ташкилотларга арз қилиб, ёрдам сўраб келяпмиз. Афсуски, бирор янгилик йўқ. Ҳуқуқ-тартибот идоралари шунчаки хабарларимизни эътиборсиз қолдиряпти. Умид қиламиз, бирор янгилик бўлар. Ҳозирча ҳаммаси натижасиз», дейди у.
Ушбу ҳудудда қуриладиган уйларга тўлов қилган фуқаролар қурилиш жараёнидаги сусткашлик ва камчиликлардан қаттиқ норози.
«Чилонзор кўчасида қурилиши айтилган Ҳай-тек уйлардан меники 4 бинода жойлашган. 4 уйда 105 та хонадон бор. 2 уйда эса битта йўлак қўшилган, 120-130 талар хонадон бўлса керак. 3 уйда ҳам шундай. Умумий лойиҳада 900 дан ортиқ хонадонлар ҳисобланган. Шартнома бўйича 2 уй 2022-йилда якунланиши керак эди. 3 уй 2026 йилда якунланиши керак эди. Лекин ҳали ҳатто уёқдаги эски уйлар бузилмаган. 4 бинони 2023-йилда бошлашлари керак эди. Лекин кўриб турганингиздек, ҳали котлован ҳам қазиш бошланмаган. Ҳеч нарса йўқ. Қурилиш компанияси таъсисчилари ҳар ой ана-мана бошлаймиз дейишади. Лекин бошлашмаяпти. Кимга мурожаат қилмайлик, фойдаси бўлмаяпти. Деярли ҳамма сармоядорлар 100 фоизли тўлов қилишган. Уйлари бузилиб, бошқа жойга кўчирилганларга ҳам узоғи 2 йилда қуришни ваъда қилишган. Лекин 5 йил ўтиб кетди. Биз 2 марта ички ишларга, турли ташкилотларга мурожаат қилдик. Улар судга мурожаат қилишимизни айтишган. Қурулиш таъсисчиларида эса МИБдан 79 млрд сўм қарздорлик бор. Ҳозир судга мурожаат қилганимиз билан улардаги катта қарздорлик борлиги учун бу фойдасиз», дейди фуқаролардан бири.
Ҳолат юзасидан Қурувчи ташкилот вакиллари билан суҳбатлашдик. Лойиҳа раҳбари Сардор Юнусжонов ижара пулларини тўлашда турли сабабларга кўра айрим узилишлар бўлаётганини инкор этмади.
«Тўғри, қурилиш кеч қоляпти. Муаммолар бор эди, лекин улар бартараф этилди. Ҳай-тек уйимизнинг иккинчи биноси қурилишидаги 80 фоиз ишлари битган. 1-1,5 ойда бемалол эгаларига топширамиз. Тўртинчи биномиз «подужка» ҳолатида ва у ердаги ишлар ҳам давом этади. Учинчи биномиз ўрнидаги икки қаватли «дом» йил охиригача бузилади. «Снос»га уйи тушганларга ижара пули озроқ кечикиш билан бўлса ҳам, албатта, берамиз», дейди қурилиш лойиҳаси раҳбари Cардор Юнусжонов.
Қурувчи ташкилот вакили айтган муддатда кўп қаватли уй қуришилиши тугалланиб, хонадонлар ўз эгаларига топшириладими ёки 200 дан ортиқ фуқаролар яна йиллар давомида сарон-саргондон бўлиб юрадими. Буни вақт кўрсатади. Vaqt.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.
Видеони Youtubeʼда томоша қилинг:
👉https://youtu.be/guMS6RLtDqM
Бахтиёр Тўхтаев, Vaqt.uz мухбири
Оператор: Ҳусан Мақсудов. Монтажчи: Низомжон Аҳмедов