Трамп: «Путин билан Аляскадаги учрашув муваффақиятсиз бўлиши мумкин»

22:30 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Аляскада бўлиб ўтадиган Владимир Путин билан учрашув 25 фоиз эҳтимол билан муваффақиятсиз якунланиши мумкинлигини маълум қилди.

Trump putin

АҚШ президенти Доналд Трамп Аляскадаги саммит ҳақида баёнот берди. Унинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин билан учрашув 25 фоиз эҳтимол билан муваффақиятсиз якунланиши мумкин. «Агар мазкур учрашув муваффақиятсиз якунланса, биз санкцияларга мурожаат қиламиз», — деди Трамп.

Президент Трамп Украинадаги урушни тўхтатиш энг қийин масалалардан бири эканини таъкидлади. Унинг фикрича, Путин унинг ҳаётидаги энг мураккаб ва кучли рақиблардан бири ҳисобланади.

Трамп Аляскадаги саммитдан сўнг Путин билан биргаликда матбуот анжумани ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди. Шунингдек, Украина президенти Владимир Зеленский билан боғланиб, уч томонлама саммит ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ниятида эканини билдирди. Унга кўра, бундай учрашувни ташкил этиш учун учта эҳтимолий жой кўриб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, Трамп учрашувда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш имконияти паст эканини айтди. Унинг фикрича, асосий баҳс чегаралар ва ер масалалари бўйича бўлади. Агар учрашув муваффақиятсиз ўтса, у ҳеч кимга қўнғироқ қилмаслигини қўшимча қилди.

Шунга қарамай, АҚШ президенти Путин Украина можаросига барҳам беришни хоҳлашини ва келишувга имзо қўйиши мумкинлигини билдирган.