Ўзбекистонда йилига 14 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Лекин уларни қайта ишлаш даражаси паст. Сўнгги йиллардаги лойиҳалар натижасида бу энди 5 фоизга етди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев 14 август куни чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишган. унда таъкидланишича, чиқинди корхоналари учун 1 минг 200 та янги техника олиб берилган. Маҳаллаларда чиқинди майдончалари қурилган. Тўплаш ва ташиб кетиш яхшилангани натижасида бу тармоқ иккиламчи хомашё манбаига айланган.
«Авваллари давлат монополиясида бўлган соҳада тадбиркорликка йўл очилиб, қулай бизнес муҳити яратилди. Жумладан, санитар-тозалаш ҳамда чиқиндини қайта ишлаш корхоналари учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди. Четдан олиб келинадиган техника ва ускуналар импорт божидан озод қилинди. Натижада 200 га яқин санитар-тозалаш ва 290 та чиқиндини қайта ишлаш корхоналари очилди», — дейилади хабарда.
Тақдимотда мутасаддилар соҳадаги лойиҳаларнинг бориши ва галдаги режалар ҳақида ахборот берган. Чиқиндини ёқиш орқали энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Хитойлик инвесторлар 6 та вилоятда шундай заводлар қураяпти. Давлат чиқинди утилизацияси учун уларга тўлов қилиш билан бирга, ҳосил бўлган энергияни сотиб олиш бўйича ҳам мажбурият олаяпти.
Яқинда Тошкент шаҳрида тиббиёт чиқиндисини ёқиб, иссиқлик оладиган иккита корхона ишга туширилди. Яна Самарқандда 2 та, қолган ҳудудларда биттадан шундай заводлар қурилиши мўлжалланган. Маиший чиқиндиларнинг тўртдан бири қоғоз, пластик, резина, шиша, тўқимачилик қолдиқларига тўғри келади. Уларни қайта ишлаб, 1 триллион сўмлик маҳсулот олиш мумкинлиги айтилди. Бундан ташқари, юртимизда қайта ишланмайдиган қурилиш, кимё, электрон, техник ва саноат мойлари бўйича катта захира борлиги кўрсатиб ўтилдган.
«Чиқиндини ташиб кетиш хизматлари аҳолини рози қиладиган даражада бўлиши кераклиги таъкидланди. Шу боис маҳаллага чиқинди техникасининг келиш вақти ва ҳаракатини онлайн кўриш имкониятини яратиш вазифаси қўйилди. Ижтимоий муассасалар ва маҳаллаларни чиқинди контейнерлари билан тўлиқ таъминлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқилиши белгиланди. Аҳолида экологик маданиятни боғча ва мактабдан бошлаб шакллантириш муҳимлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.