Маълумотга кўра, чақириқлар асосан Миср, Туркия ва Саудия Арабистонидаги таълим масканларига йўналтирилмоқда. Эълонларда бу муассасалар «қонуний» ёки «расмий» сифатида кўрсатилса-да, амалда улар Ўзбекистоннинг тегишли идоралари томонидан тан олинмаган ва ўша мамлакатларда ноқонуний ёки рухсатсиз фаолият юритувчи ўқув марказлари ҳисобланади. «Расмий диний таълим» ибораси эса кўпинча талабгорларни жалб этиш мақсадида ишлатилади.
Қўмита таъкидлашича, бундай чақириқлар кўп ҳолларда диний ақидапарастлик ва мутаассиблик ғояларини ёйиш, ёшларни нотўғри йўлга бошлаш ва уларнинг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиш хавфини уйғотади. Шу боис ота-оналар фарзандларининг кимлар билан мулоқот қилаётгани, интернетда қандай маълумот ўқиётгани ва қандай таклифларга жавоб бераётганига эътиборли бўлишга чақирилди.
Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда диний таълим фақат Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ўқув муассасаларида берилади. Ҳозирда 4 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 2018 йилдан бери 28 та «Қуръон ва тажвид» курсларида 77 мингга яқин фуқаро таълим олган. «Muslim.tv» платформасида барча ёш тоифалари учун онлайн Қуръон ва тажвид дарслари йўлга қўйилган.
Қўмита хорижий диний муассасалар дипломлари Ўзбекистонда диний соҳада ишлаш ҳуқуқини бермаслигини, бундай таълим олиш эса келгусида ишга жойлашишда қийинчиликлар туғдириши мумкинлигини эслатди.