Юлий Юсупов: «Бошбошдоқлик-Коррупция-Самарасизлик: Ўзбекистон тўқимачилик соҳаси инқирозининг асосий сабаблари»

08:00 | 9 дақиқада ўқилади.

Сўнгги уч йилда жаҳон бозорида пахта нархи икки баробар арзонлади. Нега хомашё нархи тушган ҳолатда бу Ўзбекистон тўқимачилик саноати учун жиддий инқироз омилига айланди. Иқтисодчи тушунтиради.

Paxta

Ўзбекистон тўқимачилик соҳасида сўнгги пайтда инқироз белгиларини кузатиш мумкин: ишлаб чиқариш ўсиши секинлашди, экспорт ҳажми пасайди, қарздорлик ортиб, айрим корхоналар касод ҳолатига яқинлашди. Президент маълумотига кўра, бунга асосий сабаб сўнгги уч йилда жаҳон бозорида пахта нархининг тоннаси 3000 доллардан 1500 долларгача тушиб кетгани.

Табиий бозор шароитида хомашё нархи арзонлаши ишлаб чиқарувчи учун ижобий ҳолат ҳисобланади: маҳсулот таннархи пасаяди, рақобатбардошлик ошади, фойда ва экспорт имкониятлари кенгаяди. Бироқ Ўзбекистондаги тўқимачилик ва қишлоқ хўжалигида бозор қоидалари эмас, балки маъмурий-буйруқбозлик тизими устун, деб ёзади Юлий Юсупов ўз Телеграм каналида.

Қуйида унинг постини сўзма-сўз таржимасини келтирамиз.

Нобозор иқтисодиётидаги парадокслар

Ўзбекистон тўқимачилик саноатида инқироз кузатилмоқда:

  • ишлаб чиқариш ва экспорт ўсиши секинлашмоқда,
  • қарзлар ортиб бормоқда, кўплаб компаниялар уларни қайтаришга ожиз,
  • айрим компаниялар касод ҳолатига яқинлашмоқда.

Хўш, сабаб нимада? Президентнинг ўзи буни очиқ айтди: сўнгги уч йил ичида жаҳон бозорида пахта нархи тоннаси учун 3000 доллардан 1500 долларгача тушиб кетди.

Энди келинг, сабаб ва оқибат занжирини таҳлил қилайлик.

Пахта — бу бизнинг тўқимачилик саноати учун асосий хомашё. Шундайми? Демак, агар хомашё (яъни пахта)нинг нархи тушса, бу хомашёдан фойдаланадиган ишлаб чиқарувчилар учун аслида яхши бўлиши керак. Яъни, маҳсулотнинг таннархи камаяди, демак маҳсулот бозорда рақобатбардош бўлади. Шунга кўра, маҳсулот сотилиши осонлашади, ишлаб чиқариш кенгаяди, фойда орттирилади, қарзлар қайтарилади… Тўғрими?

Шундай бўлиши керак ҳам. Бироқ унда нима учун хомашё арзонлашиши тўқимачилик саноатида инқироз келтириб чиқарди? Бу мияни портлатиши мумкин бўлган оғир мантиқий зиддиятдек туюлади…

Аслида, бу ерда ҳеч қандай парадокс йўқ. Юқоридаги тасвирланган мантиқий занжир фақатгина бозор иқтисодиёти шароитида ишлайди. Аммо биздаги тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳанузгача бозор иқтисодиётидан асар ҳам йўқ. Бу ерда ҳали ҳам маъмурий-буйруқбозлик тизими ҳукмрон: бу соҳаларни бозор ва шахсий манфаатлар эмас, балки амалдорларнинг мантиғи ва манфаатлари бошқаради.

Хўш, пахта нархининг пасайиши қандай қилиб тўқимачиликдаги инқирозини чақирди экан-а?

Ҳаммаси жуда оддий тушунтирилади. Биздаги пахта кластерлари формал жиҳатдан хусусий компаниялар ҳисобланса-да, аслида, қуйидагича ташкил этилган:
– Президент фармонлари билан;
– давлат томонидан ваъда қилинган имтиёзлар асосида;
– кафолатланган харид нархлари билан (бу нархлар жаҳон бозоридаги нархлардан паст белгиланган).

Пахтага нисбатан белгиланган паст нархлар ва турли хил имтиёзлар кластерларга чет элдаги рақобатчиларга нисбатан устунлик берарди ва сўнгги йилларда соҳанинг жадал ўсишига туртки бўлди.

Энди савол: бу «тўй» кимнинг ҳисобидан бўлган?

Имтиёзлар масаласи аниқ: солиқ тўловчилар (солиқ имтиёзлари) ва кредит олувчилар (имтиёзли кредитларнинг паст фоизлари ҳисобини қолган тадбиркорлар юқори фоизли кредитлар билан тўлайди) ҳисобига.

Пахтанинг паст нархи-чи? Бу ерда асосий «ҳомийлар» фермерлар эди. Улар олдиндан белгилаб берилган далаларда пахта экишга ҳам, ўз маҳсулотини кластерларга бозордан анча паст нархларда сотишга ҳам мажбур.

Жаҳонда пахта нархи юқори бўлган даврда бу тизим қандайдир даражада иш берган: фермерларга нисбатан кўпроқ ҳақ тўлана бошланган, кластерлар эса ички арзон нархларда хомашё олиб фойда кўра олган. Аммо жаҳондаги нархлар пасайганидан сўнг бутун схема емирила бошлади.

Аввало фермерлар учун харид нархини пасайтиришга уринилди. Лекин аниқ бўлдики, бундай ҳолда уларнинг фаолияти умуман рентабелсиз бўлиб қоларди. Шунда давлат фермерлар ва тўқимачиларни субсидиялашга ўтди ва, тушунишимча, ҳозирча бу йўлдан қайтиш нияти ҳам йўқ.

Нобозор иқтисодиётнинг мантиғи шундай:

– Аввало, амалдорлар ўйлаб топган лойиҳаларга давлат ва хусусий сармоялар оммавий равишда йўналтирилади. Хусусий инвесторлар имтиёзлар, монополия ваъдалари (ҳаммани сендан харид қилишга мажбур қиламиз, рақобатчиларни бозордан ҳайдаймиз), арзон ресурслар (бизнинг ҳолда – пахта) билан ўзига жалб қилинади. Бу орқали нафақат «таниш-билишчилик» ортидан бизнес очишга рухсат олган тадбиркорлар, балки бу рухсатни берувчи амалдорлар ҳам катта фойда кўради.

– Схема ишламай қолганда (имтиёзлар ва монополия рақобатбардошликни пасайтиради ёки ташқи шоклар, масалан жаҳон нархларининг тушиши содир бўлади), бу сунъий равишда яратилган бизнеслар янада каттароқ имтиёзлар, субсидиялар ва монополиялар орқали «қўллаб-қувватланади» (энг яққол мисол – автосаноатимиз, у сўнгги 30 йилда импорт учун баланд божлар билан ҳимоя қилиб келиняпти). Қаердаки имтиёзлар, субсидиялар ва сунъий монополиялар бўлса — ўша ерда амалдорлар, «откат»лар, «конверт»лар ва оддий порахўрлик пайдо бўлади…

Бу схемага қисқа ном ҳам берилган: БКС –Бошбошдоқлик—Коррупция—Самарасизлик, дея.

Айнан шундай мана шундай схемалар бизнинг мамлакатимизни қашшоқлашишига хизмат қилади…