17 август куни Ер яқинидан хавфли астероид учиб ўтади

15:25 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 PM номли диаметри тахминан 50 метр бўлган астероид 17 август куни Ерга 384 минг километр масофагача яқинлашади. Бу ҳақда Россия Қуёш астрономия лабораторияси маълум қилди.

Asteroid

Мутахассисларга кўра, 1 миллион километрдан кам масофада Ерга яқинлашган астероидлар орасида 2025 PM энг йириклардан бири ҳисобланади. Шунга ўхшаш навбатдаги яқинлашув сентябр ойида кузатилиши мумкин.

2025 йил 1 августда кашф этилган мазкур астероид Ер орбитасини кесиб ўтувчи «Аполлон»лар гуруҳига мансуб. Унинг Қуёш атрофидаги айланиш даври икки йилдан сал ортиқ. Олимлар уни кометага хос хусусиятларга эга бўлмаган улкан тошли жисм деб тахмин қилмоқда.

Астероиднинг Ер ёнидан ўтиши Тошкент вақти билан 17 август соат 14:03 да содир бўлади. Траекторияси фақат бошқа космик жисм билан тўқнашгандагина ўзгариши мумкин, бироқ бу эҳтимол жуда паст.

Ҳозирда астероид орбитасини аниқлаш мақсадида кузатувлар давом эттирилмоқда. Олимлар бундай яқинлашувлар астрономия тадқиқотлари учун муҳим имконият эканини таъкидламоқда.

Аввалроқ Қуёш астрономияси соҳасидаги кузатувчилар томонидан Қуёш атрофида Ердан ўн баробар катта бўлган, қушга ўхшаш объект тасвирга олинган эди.