Ишлаб чиқарувчилар ярим йилликда 43,8 трлн сўм солиқ тўлади

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатдаги асосий саноат субъектлари давлат бюджетини сезиларли равишда тўлдирди. Даромаднинг катта қисми 20 та йирик корхоналар ҳиссасига тўғри келди.

Soliq pul

Январ–июн ойларида ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи 57 792 та юридик шахс томонидан жами 43,8 трлн сўм солиқ тўланган (https://t.me/fiskaltahlil/1245). Шунинг 9,2 трлн сўми атиги 20 та йирик солиқ тўловчи ҳиссасига тўғри келган.

Ушбу корхоналарнинг умумий товар айланмаси 91 трлн сўмни ташкил қилган бўлиб, улар 1,2 трлн сўмдан ортиқ солиқ имтиёзларидан фойдаланган.

Солиқ турлари кесимида энг йирик тушум қўшилган қиймат солиғи ҳиссасига тўғри келиб, у 3,2 трлн сўмни ташкил этди. Кейинги ўринда 2,2 трлн сўм билан аксиз солиғи турибди. Ер қаъри ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан 1,1 трлн сўм, фойда солиғидан эса 1 трлн сўм ундирилган.

Шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 587,6 млрд сўм, ижтимоий солиқ 572,9 млрд сўм, мол-мулк солиғи 283,4 млрд сўмни ташкил этган. Бошқа турдаги солиқлардан эса 227,1 млрд сўм давлат хазинасига йўналтирилган.

Маълумотлар ишлаб чиқариш соҳасининг иқтисодиётдаги улуши катта эканини ва йирик солиқ тўловчиларнинг давлат бюджети даромадларини таъминлашда асосий манба бўлиб хизмат қилаётганини кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, қурилиш корхоналари ярим йилда 4,2 трлн сўм солиқ тўлаган.