Иссиқлик таъминоти: тарифлар ҳам, субсидиялар ҳам ошадими?

17:30 | 10 дақиқада ўқилади.

Тошкентда яна иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти нархлари ошиши кутилмоқда. Қизиғи, тарифлар билан бирга субсидиялаш ҳажми ҳам ортмоқда. Ҳолбуки тарифлар кўтарилгани сари бюджетдан субсидиялаш камайиб бориши керак эди…

Banner veoliaФото: Gazeta.uz

Vaqt.uz журналисти нархлар ошиши хронологияси, «Veolia Energy Tashkent»даги маълумотлар ёпиқлиги, шунингдек иқтисодчи ва масъулларнинг муносабатини ўрганди.

Тошкентда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини ошириш режалаштирилмоқда. «Veolia Energy Tashkent» раҳбари Севара Пардабаева буни маълум қилган. Унга кўра, 2025 йилнинг 1 октябридан бошлаб иссиқ сув нархлари аҳоли учун 15 фоиз, юридик шахслар учун 40 фоиз, бюджет ташкилотлари учун эса 19 фоизга ошиши мумкин.

Иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун чакана тарифларнинг жорий ва таклиф қилинган нархлари:

Тоифа

Ҳозирги нарх

Таклиф қилинган нарх

Аҳоли учун

121 минг 617 сўм

139 минг 860 сўм

Юридик шахслар учун

244 минг 497 сўм

342 минг 296 сўм

Бюджет ташкилотлари учун

801 минг 993 сўм

954 минг 372 сўм

Маълумот учун, тарифлар сўнгги марта 2024 йилнинг 15 ноябрида ошган эди. Икки тўлқинда жами 32,2 фоизга нархлар кўтарилган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўтган йилда ҳам компания юридик шахслар учун тарифларни 50 фоизга оширишни таклиф қилган, бироқ бу таклиф қабул қилинмасдан, фақатгина 15 фоиз ошириш белгиланган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров тарифларнинг навбатдаги марта оширилишини «истеъмолчиларга ҳам остида, ҳам устида ўлпон олиш» деб ҳисоблашини айтган.

 

Нархлар ошиши хронологияси

2023 йил якунига кўра, юридик шахслар учун иссиқлик таъминоти хизматлари тарифлари 1,5 баробарга, бюджет ташкилотлари учун эса 1,6 баробарга ошган.

2024 йилда пойтахт бюджетидан иссиқлик таъминотини субсидиялаш учун 1,97 трлн сўм пул ажратилган. Бу 2023 йил прогнозига нисбатан қарийб 23 фоизга (1,6 трлн сўм) кўп бўлган.

2025 йилда эса пойтахтнинг умумий харажатлари 9 трлн 697 млрд сўм бўлган. Шундан иссиқлик таъминотини субсидиялаш ҳажми 2,7 трлн сўмга етган. Бу дегани, жами харажатларнинг тўртдан бир қисми фақатгина иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун сарфланганини англатади. 2024 йилда бюджетдан субсидиялаш нисбатан 37 фоизга кўпайган.

Ташкилотнинг баёнотларига таянсак, 2024 йил февралда шаҳар аҳолиси базавий тарифнинг 14 фоизини тўлаган. Ўша йили сентябрда 16 фоизи қопланган. 2025 йил августда эса Тошкент шаҳар аҳолиси тарифларнинг 18 фоизини тўламоқда. Агар нархлар ошса, бу кўрсаткич 20 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин.

Аниқроқ айтганда, тарифлар ва субсидиялаш бирваракайига ошяпти. Истеъмолчилар бу харажатларни ҳам чўнтагидан, ҳам солиғидан тўлайди.

 

«Veolia Energy Tashkent»да нега маълумотлар ёпиқ?

Энг қизиғи, Тошкентдаги иссиқлик тармоқларининг 68 фоизи авария ҳолатида. Севара Пардабоеванинг айтишича, ҳар йили авария ҳолатидаги 474 км тўр фаолиятдан чиқарилади. «Барча бу участкалар авария ҳолатида бўлса-да, биз бу йўналишда иш олиб бормоқдамиз», — деди у.

Иқтисодчи Шуҳрат Қурбонов эса компаниянинг («Veolia Energy Tashkent») ҳисоб-китоб тизими ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини танқид қилди:

«Афсуски, биллинг (ҳисоб-китоб) тизими ҳақида ҳеч қандай нарса айтилмади. Гўёки ягона коммунал компания бўлиб, у совуқ ва иссиқ сув ҳисобини бирлаштирган. Уларида истеъмолчи учун ягона баланс — иситиш ва иссиқ сув бўйича, иситиладиган майдоннинг метр квадрати ва сувнинг метр куби ҳисобга олинади. Табиийки, истеъмолчилар бу баланс нима эканини, қарз қаердан келганини ва унинг нимадан иборатлигини тушуна олмайди. Ҳолбуки, аслида шаффоф тизим биринчи навбатда истеъмолчидан ҳам кўпроқ, компаниянинг ўзига керак», — дейди у.

Иқтисодчи Бакиров ҳам маълумотлар ёпиқлигини савол остига олди:

«30 йилга тузилган ДХШ битими бўйича, энергосамарадорлик 50 фоизга ошиши керак эди, газ сарфи 45 фоиз, электр энергияси сарфи 25 фоиз, сув сарфи 40 фоиз қисқариши, 13,6 трлн сўмлик харажатлар тежалиши керак эди. Қани натижалар? Ё битим тузилди, гулдур-гуп бўлдими? Ҳеч ким сўрамайдими? Текширмайдими? Шартлар бажарилмаётган бўлса, бекор қилишсин битимни?!» — дейди Бакиров.

Vaqt.uz журналисти ҳам ташкилотга оид маълумотларни суриштирганда, молиявий харажатлар ҳамда тушумлар, қарзлар, шахсларга оид битимлар ҳақида маълумотлар йўқлиги маълум бўлди.

Veolia Energy Tashkent бераётган рақамларни ўзи тафтиш қилиниши, чуқур аудит ўтказиш ва керак бўлса Молдовадагидек, мустақил халқаро аудит чақириш лозимлигини иқтисодчи Бакиров блогида ёзмоқда.

Аввалроқ, «Иссиқликтаъминоти» раиси Илҳом Тўраев тарифлар 2025 йилда фақатгина бир марта оширилишини маълум қилган эди. Бу нафақат иссиқлик таъминоти, балки электр энергияси, табиий газ ва совуқ сув билан ҳам боғлиқ.

«Тарифлар йил охирига қадар икки марта ошмаслиги аниқ. Чунки электр энергияси, газ, совуқ сув ҳамда улгуржи иссиқлик энергияси тарифлари қайта кўриб чиқилди. Шундан келиб чиқиб, пойтахт кенгашининг фақат битта қарори қабул қилиниб, нархлар бир марта оширилади. Янги тарифларни белгилаш оралиғи олти ойни ташкил этади. Агар дастлабки олти ойда нархлар ошмаган бўлса, кейинги ярим йилда тарифлар икки марта оширилмайди», — деган эди Тўраев.

Шунга қарамасдан, янги нархлар халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига киритилган.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.