Молиявий қийинчиликка учраган «Maxsustrans» 45 млрд сўм зарар кўрди

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкентда чиқиндиларни ташишда узилишлар кузатилмоқда, молиявий тангликка учраган «Maxsustrans» фақат рақамлаштириш орқали тикланиши мумкин, дейди шаҳар ҳокими.

Maxsustrans

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов «О‘zbekiston 24» телеканалига берган интервюсида «Maxsustrans» корхонасининг молиявий аҳволини «жуда ёмон» деб баҳолади. 2022–2023 йилларда корхона 45 миллиард сўм зарар кўргани, молиявий қийинчиликлар туфайли айрим кунларда чиқинди ташиш ишлари тўхтагани маълум қилинди.

Умрзоқовнинг айтишича: «Муаммонинг асосий ечими – хизматларни рақамлаштириш. Ҳозирда Олмазор туманида «Тоза Пойтахт» платформаси синов тариқасида ишга туширилган бўлиб, 1 сентябрга қадар у шаҳарнинг барча туманларида жорий этилади. Тизим орқали чиқиндиларни йиғиш жараёни назорат қилинади ва бу 3 миллиард сўм ёқилғи тежаш имконини берган».

Шунингдек, 34 турдаги чиқиндиларни олиб ташлаш учун янги техникалар харид қилинди. Чиқинди ташиш машиналари ҳайдовчиларининг ойлик маоши икки бараварга – 4 миллион сўмдан 8 миллион сўмга оширилди. Бу кунлик чиқинди олиб чиқиш ҳажмини 30 фоизга кўпайтирди. Шу билан бирга, шаҳар бўйлаб қўшимча 480 та чиқинди йиғиш шохобчаси ташкил этилмоқда.

Хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида тунда чиқинди олиб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди. Машиналарнинг ҳаракат вақти ва йўналишини аҳоли онлайн кузатиши учун платформа яратилган. Ушбу тизим орқали хизмат сифати паст бўлса, операторлар жазоланади, аҳоли эса хизмат ҳақини тўлашдан озод қилинади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазири Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, бу адолатли тизим бўлиб, чиқинди ташиш корхоналари масъулиятини оширади ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилади.

Vaqt.uz аввал хабар берганидек, Шавкат Мирзиёев 14-август куни чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди.