Ўзбекистонда аккумулятор, авто ва шина учун экологик йиғим жорий этилади

08:22 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Мирзиёевга тақдим этилган лойиҳага кўра, ишлаб чиқарувчилар батарейкадан тортиб шина ва шишагача утилизация харажатини қоплайди.

Ekosbor

14 август куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтириш бўйича тақдимот билан танишди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги лойиҳасига кўра, мамлакатда бир қатор товарларга экологик йиғим жорий этилади.

Биринчи босқичда экойиғим батарейка ва аккумуляторлар, транспорт воситалари, ёғлаш материаллари, турли турдаги упаковка, шина ва резина камералар, шиша маҳсулотларига татбиқ этилади. Бу чора ишлаб чиқарувчиларни ўз маҳсулотлари чиқиндиларини қайта ишлаш ва утилизация қилишга мажбур қилади.

Ўзбекистонда ҳар йили 14 млн тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади, қайта ишлаш даражаси эса ҳозирча 5 фоиз атрофида. Қоғоз, пластик, резина, шиша ва тўқимачилик қолдиқларини қайта ишлаш орқали йилига 1 трлн сўмлик хомашё олиш мумкин. Шу билан бирга, қурилиш, кимё, электроника, техник чиқиндилар ва саноат ёғларини қайта ишлашда ҳам катта салоҳият мавжуд.

Статистикага кўра, мамлакатда йилига 144 минг тонна электрон чиқинди, 1,8 млн тонна пластик, 647 минг тонна шиша, 250 минг тонна ёғ ва 217 минг тонна резина чиқиндиси ҳосил бўлади. Ҳозир шина чиқиндисини қайта ишлаш даражаси — 17 фоиз, шишаники — 6,3 фоиз, пластмассаники эса 11,2 фоиз.

Лойиҳада, шунингдек, қурилиш шишасига утилизацион йиғим жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Бу чиқиндиларни қайта ишлаш харажатларини қоплаш ва тегишли инфратузилмани яратишга йўналтирилади. Ҳар йили Ўзбекистонда 408 минг тонна шиша чиқиндиси йиғилади, бироқ уларнинг фақат 9 фоизи қайта ишланади.