14 август куни қабул қилинган ПҚ–248-сонли Президент қарорига кўра, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чоралари янада жадаллаштирилади. Дастурни амалга ошириш учун натижага асосланган молиялаштириш тизими (PforR) орқали 150–200 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий маблағлар жалб этилиши кўзда тутилган.
Ҳужжатда 2025–2026 йилларда ҳудуд ривожланишининг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгилаб берилган. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини ўртача 6–6,5 фоизга етказиш, саноат ишлаб чиқаришини 5–6 фоизга ошириш ва бозор хизматлари ҳажмини 15–17 фоизга кўпайтириш режалаштирилган.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади. У ҳар беш йиллик батафсил дастурлар асосида амалга оширилиб, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган бўлади.
Шу билан бирга, иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш учун маҳаллий ва хорижий сармояларни жалб қилиш, иш ўринларини яратиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Дастур ижроси давлат органлари ва халқаро ҳамкорлар ҳамкорлигида таъминланади.
Аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Камбағал оилалар реестрига киритилган аҳоли учун ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш тартиби белгилангани ҳақида хабар берган эдик.