Қозоғистонда қариндош уруғчилик энди йўқ — Тўқаев

21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Давлат хизматида меритократия тамойили ўз ўрнини топмоқда. Ҳокимиятда энди оилавий-уруғчилик тизими мавжуд эмас, деди президент Қосим-Жомарт Тоқаев.

Tokaev

Қозоғистонда лавозимга тайинлашлар номзодларнинг касбий малакасига асосланиб амалга оширилмоқда, чунки мамлакатда «оилавий-уруғчилик тизими энди йўқ»». Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўқитувчилар анжуманида айтиб ўтди.

«Жамиятимиз ўзгармоқда, фуқароларнинг онги янгиланмоқда. Давлат хизматида меритократия тамойили ўз ўрнини топмоқда. Ҳокимиятда энди оилавий-уруғчилик тизими мавжуд эмас. Лавозимга тайинлашда энг аввало билим ва касбий маҳорат инобатга олинади», — деган Тўқаев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида қонун ва тартибга ҳурмат кўрсатиш мустаҳкам тамойилга айланмоқда. Қозоғистон ўз ривожланишининг сифат жиҳатидан янги босқичига қадам қўйган.

Қозоғистоннинг собиқ раҳбари 85 ёшли Нурсултон Назарбоев 30 йил мобайнида республика бошлиғи лавозимини эгаллаб келган. 2019 йилда у истеъфога чиқишини маълум қилиб, республикадаги ислоҳотларни давом эттирадиган янги авлод раҳбарлари ҳокимиятга келиши зарурлигини таъкидлаганди. Конституцияга биноан, давлат раҳбари ваколатлари ўша пайтда Сенат раиси сифатида Тўқаевга юклатилган эди. 2019 йил июн ойида Тўқаев президентлик сайловларида ғалаба қозонди. 2022 йил ноябр ойида ўтказилган навбатдан ташқари сайловларда у яна Қозоғистон президенти этиб сайланди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил май ойида Тўқаев 2029 йилда жорий етти йиллик муддати тугагач, лавозимини тарк этишини маълум қилганди. Шунингдек, Тўқаев сайловолди дастурини ва асосий ислоҳотларни амалга ошириш учун етти йиллик бир муддатни етарли деб ҳисоблашини айтганди.