Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, январ–июн ойларида 29 418 та қурилиш фаолиятига ихтисослашган юридик шахс томонидан 4,2 трлн сўмдан ортиқ солиқ тўланган. Унинг 708,1 млрд сўми ёки 16,5 фоизи 20 та йирик корхона ҳиссасига тўғри келган.
Бу 20 корхонанинг умумий товар айланмаси 10,4 трлн сўмдан ошган бўлиб, улар томонидан қўлланилган солиқ имтиёзлари миқдори 136,9 млрд сўмни ташкил этган.
Солиқ тўлов турлари кесимида энг катта улуш қўшилган қиймат солиғига тўғри келди — 367,4 млрд сўм. Шунингдек, фойда солиғи 110,4 млрд сўм, жисмоний шахслар даромад солиғи 114,2 млрд сўм, бошқа турдаги солиқлар эса 116,1 млрд сўмни ташкил этди.
Маълумотларга кўра, йирик солиқ тўловчи қурилиш компаниялари давлат бюджети даромадларида муҳим ўрин эгаллаб, соҳадаги молиявий айланмани шакллантиришда етакчи ҳисобланади.
Аввалроқ 2025 йилнинг биринчи ярмида электр, газ, сув ва иссиқлик таъминоти соҳаларидаги 20 млрд сўмлик асоссиз ҳисобланган ортиқча тўловлар истеъмолчиларга қайтарилгани ҳақида хабар берган эдик.