Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси 2025 йил 31 июл куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Унда B2 даражадаги тил сертификатига эга бўлмаган чет тили ўқитувчиларини ишдан бўшатмаслик сўралган бўлиб, Касаба уюшмаси вазирликни 11 августга қадар тегишли чораларни кўришга чақирган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сон қарори 9-бандида 2025/2026 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги кўрсатилган. Аммо ушбу қарорда меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича кўрсатма берилмаган.
Аммо жамоат фаоли Комил Жалиловнинг фикрича, «Бу талаб моҳиятидан келиб чиқилса, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб камида B2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификати бўлмаган хорижий тил ўқитувчиси мактабда дарс бера олмаслиги керак, акс ҳолда, қарорга «сертификатга эга бўлиши лозим», деган талабни киритишдан мантиқ йўқ эди».
Касаба уюшмасининг қайд этишича, вазирликка мурожаат қилишга педагоглар билан тузилган меҳнат шартномаси B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаганлиги туфайли бекор қилинишидан норозилик билдирилган мурожаатлар келиб тушаётгани сабаб бўлган.
Касаба уюшмаси вазирликка ушбу масала бўйича таклифлар тайёрлашни, тил сертификати бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчиларини ишдан бўшатиш бўйича кўрсатма бераётган иш берувчиларга интизомий чора кўришни, хорижий тиллар йўналишида дарс бераётган ўқитувчиларга нисбатан камситишга йўл қўйилмаслигини таъминлашни сўради.
Шунингдек, таъкидланишича, тил сертификатларига эга бўлиш шартлиги қарорга асосий эмас, балки қўшимча талаб сифатида киритилган. Бундан ташқари, касаба уюшмаси бакалавр дипломига эга бўлган педагоглар тўлиқ меҳнат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини асословчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам келтириб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг ушбу мурожаатига жавоб хати йўллаб, ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларига жорий ўқув йилидан бошлаб хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси камида B2 даражадаги миллик ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш юзасидан расмий кўрсатма берилмаганлигини маълум қилди.
Вазирликнинг изоҳ беришича, Меҳнат кодексининг 10-моддасига кўра, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодексдан ҳамда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
«Мазкур кодекснинг 19-моддасида, ходим ва иш берувчи якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари эканлиги белгиланган. Шунга мувофиқ, Меҳнат кодексида, бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ҳамда бекор қилиш бевосита якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари ўртасида ҳал этилиши лозим. Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги қонунининг 23-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таълим соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади» деб маълум қилди «Халқ таълими инфо» нашри.
Жамоат фаоли Комил Жалиловга кўра, вазирлик, одатдагидай, жавобгарликдан қочиб, бу парадоксни ҳал қилиш масъулиятини иш берувчига — мактабга «юклаб қўя қолган».
«Вазирликнинг Кенгашга жавоб хатида «меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш меҳнат муносабатлари субъектлари (яъни, иш берувчи-таълим муассасаси ва ходим-педагог) ўртасида ҳал қилиниши лозим», дейилган. Яъни, B2 сертификати йўқ ўқитувчини ишдан бўшатса, Меҳнат Кодексини бузгани учун, ишдан бўшатмаса — 312-сон қарорни бажармагани учун мактаб айбдор бўлади. Вазирлик эса четда томошабин. Ажойиб позиция, шундай эмасми?» — дейди у.
Яъни, бу ерда ўқитувчини ишда олиб қолиш ёки бўшатиш мактабнинг ички масаласига айланмоқда. «Халқ Таълими инфо» нашрининг изоҳ қисмида Орзумурод Гадоймурод ўғли вазирликнинг муносабатига қуйидагича муносабат билдирган:
«Аниқ гап айтмайди улар ҳам, чайналади. Меҳнат шартномаси бекор қилинмаса ҳам ишдан бўшатмай ё дарс беришмаяпти ё кам дарс беряпти ҳозир. Аниқ гап айтолмайди ёхуд аниқ ишга тушира олмайди қарорни… Мактабга юклаш — коррупция пайдо бўлади, дегани», дейди у.
Қарор чет тили ўқитувчилари орасида турли хил фикрлар вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Хусусан бир тоифа, ўқитувчидан сертификат сўралишининг ҳеч қандай зарари йўқлигини, аксинча, бу педагогни кўпроқ ўз устида ишлашга ундашини таъминлашини ёзган.
Хусусан, Санъат Жумамурадов шундай ёзади:
«Мен шуни тушундимки, шунча йиллардан бери мактабда дарс бериб,ўз устида умуман ишламаган,билимнини оширмаган педагоглар бу қарорга қарши бўлмоқда. Агар мана шу педагоглар чиндан ҳам болаларни ўқитиш учун ўз устиларида ишлаганида B2 даражасини олиш умуман муаммо бўлмас эди. 11-синф «Prepare» дарслигини мукаммал билиш ҳам B2 даражасини олишга етарли».
Яна бир тоифа «агар ўқитувчидан сертификат шунчалик қатъий талаб қилинар экан, университетда 4 йил ўқиб, диплом олишдан нима маъно бор?» — деб савол қўйган.
Санъат Жумамуродов бундайларга қарата шундай хитоб қилган:
«Дипломни баҳона қилаётганларга битта эътироз: ўзингизни билмаганликка олманг. Курсдошларимиз орасида умуман инглиз тилида гапира олмайдиганларни, ёза олмайдиганлари ва ҳатто грамматикани тушунмайдиганлари бўлган. 4 йил ҳеч нарса ўрганмасдан битирган талабалар сон мингта. Дипломи бор, дегани билимли, дегани эмас. Олийгоҳни ҳар хил одам битиради. Сертификат шуларни саралаш ва муносиблар ишлаши учун керак. Методикаси зўр лекин сертификати йўқлар масаласига келсак, тилни юқори даражасида билмайдиган ўқитувчи қандайдир методикани қойиллатиб қўяди, деб ўйламайман.
Баҳона топгандан кўра, ҳаракатингизни қилинг. Шунча пайтдан бери 506 минг сўм сертификат учун топилмаганига ишонмайман. Бунча пулни бошқа нарсаларга талай маротаба сарфлагансизлар. Дарслик масаласига келсак, дарсликлар ҳеч қанақасига қиммат эмас. Мен «Solutions» дарслигининг юқори ва ўрта даражасидаги китобларининг ярмигача кўриб чиқиш билан B2 олганман. Бу муаммо эмас. Муаммо ўзларингизда», — дея фикр билдирди.
Аммо бошқа тоифа ўқитувчидан сертификат сўраш ортиқча харажат эканлигини, педагог бунинг учун пул сарфлаб, мунтазам курсга бориши кераклигини таъкидлаган:
«Нега ҳаммага бир хил талаб қўйилмайди? Қани конституциядаги тенг хуқуқлик? Бизни хозирги талаблар бўйича ўқитишмаган-ку?.. Қўшимча ўзим ўқидим, қарор чиққандан бери ҳаловат йўқ, курсларга бордим, онлайн курслар сотиб олдим, лекин ёш ўтгандан кейин хотира панд беради экан, ўқиган манбаларим эсдан чиқиб кетяпти. Май ойи имтиҳонга кириб чиқдим, унчалик қийин эмас, яхши тайёрланиб олса бўлади, фақат соғлик, маблағ бўлиб турса… B1 чиқиб қолди, ёзиш ва гапириш маҳорати пастроқ чиқиб қолди, январгача муҳлат берилса, яна тайёрланиб, ҳаракат қилмоқчиман. Ҳамманинг шароити хар хил бўлади, баъзида соғлик панд беради, баъзида маблағ, баъзида эса оилавий масалалар», — дейди ўқитувчилардан бири.
Мавзуни янада чуқурроқ таҳлил қилиш мақсадида республика миқёсида сертификати бор ўқитувчилар неча фоизни ташкил қилиши саволи билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қўнғироқ қилидик, лекин улар билан боғлана олмадик.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.