Аляскадаги юқори даражали саммит: Трамп ва Путин ниҳоят учрашди

00:35 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин Аляскадаги ҳарбий базада учрашиб, расмий музокаралар олдидан самимий мулоқот қилди.

Alaska summit

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин Жойнт Бейс Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида учрашди. Икки раҳбар қўл бериб кўришди, қизил гиламда бирга суратга тушди, аммо журналистлар саволларига жавоб беришмади. Учрашув пайтида ҳаводан АҚШ ҳарбий самолётлари, жумладан, қирувчи учоқлар ва B-2 стелс бомбардимончиси парвоз қилди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров саммитдан сўнг АҚШ санкцияларининг бир қисмини бекор қилиш эҳтимоли юқори эканини RIA Novostiʼга билдирди. Саммит арафасида АҚШ Молия вазирлиги Россияга қарши айрим санкцияларни 20 августгача вақтинча тўхтатишга рухсат берди.

Саммитгача Трамп Путин ва Зеленскийнинг музокараларидан умид қилаётгани ва бу жараёнда ўзи ҳам иштирок этишни истаётганини билдирган эди.

Трамп Украинада тинчлик ўрнатилиши бўйича келишувни Москва ва Киев маъқуллаши лозимлигини таъкидлаб, ўзи бу эҳтимолли шартлашув учун замин ҳозирлашни истаётганини маълум қилган.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг хабар беришича, Путиннинг Трамп билан музокаралари «учга уч» форматда ўтказилади. Россия томонидан Лавров ва Ушаков қатнашади. Трампга эса Рубио ва Уиткофф шерик бўлишади.

Саммит бошланишидан олдин кутилмаган воқеа рўй берди — Путин Трампнинг президентлик лимузинига ўтириб, музокаралар ўтказиладиган жойга бирга йўл олди. Бу ҳолат рақиб давлатлар раҳбарлари учун кам учрайдиган ва рамзий аҳамиятга эга воқеа сифатида баҳоланмоқда.

Аляска ҳарбий базасида икки президентлик самолёти — Путиннинг махсус жиҳозланган Ил-96 ва Трампнинг Air Force One номи билан машҳурлашган Boeing 747 — ёнма-ён туриши диққат марказида бўлди. Путиннинг Магадан аэропортидан «Rossiya 539» махсус рейси билан парвози тахминан тўрт соат давом этгани маълум қилинди.